Меҳнат ва ташаббусдан яралган барака
2026-08-05 11:55:00 / Янгиликлар

Ёш мутахассис Ўзбекистон туманидаги “Тармоқ-2” канали бўйида ёрдамчи хўжалик ташкил этди. Бу ерда 100 дан ортиқ асалари оиласи парвариш қилиниб, замонавий асаларичилик талаблари асосида юқори натижаларга эришилмоқда.
Мирзиёд Муҳаммаджонов ўтган йил охирида Сув хўжалиги вазирлигининг Сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш бошқармасида мутахассис сифатида фаолиятини бошлади. У асос солган асаларичилик тармоғи эса йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Бу йилги мавсумда ҳар бир асалари оиласидан ўртача 7 килограммдан маҳсулот олиниб, жами 700 килограмм табиий асал етиштирилди. Етиштирилган маҳсулотнинг бир қисми Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда Ўзбекистон тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимларига бозорга нисбатан арзонроқ нархларда етказиб берилмоқда.
Вазирлик тизимида бундай ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг инновацион ғоялари ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, қўшимча даромад манбаларини яратишга кўмаклашиш бундан буён ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. Зеро, меҳнатсевар, билимли ва ташаббускор ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги ва келажак тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмат



