“Ақ-жап” канали тантанали равишда фойдаланишга топширилди
2026-08-04 16:35:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов ҳамда Шўманай тумани ҳокими А.Аметов иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида таъкидланганидек, бугунги кунда минтақамизда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж йил сайин ортиб бораётган, иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги тобора долзарб масалага айланган шароитда сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сув хўжалиги тизимини модернизация қилиш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг амалий натижаларидан бири сифатида 1947 йилда фойдаланишга топширилган “Ақ-жап” каналида кенг қамровли реконструкция ишлари бажарилди. Узоқ йиллар давомида капитал таъмирланмаган каналнинг техник ҳолати ёмонлашиб, гидравлик параметрлари ўзгарган, сув ўтказиш қуввати пасайган эди. Бу эса катта ҳажмда сувнинг йўқотилишига сабаб бўлиб, каналнинг фойдали иш коэффициенти 40–45 фоизгача тушиб кетган, сувдан фойдаланиш коэффициенти эса 0,60 ни ташкил этган.
Лойиҳа доирасида каналнинг 8 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилди, бош сув олиш иншооти, 3 та сув тўсувчи гидротехник иншоот ҳамда 40 та сув олиш иншооти реконструкция қилинди.
Амалга оширилган ишлар натижасида сувдан фойдаланиш коэффициенти 0,60 дан 0,95 гача оширилди. Бунинг ҳисобига Шўманай туманидаги 25 та фермер хўжалигининг 4 минг 265 гектар суғориладиган ер майдони ва 2 минг 850 та аҳоли томорқасининг сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Шунингдек, ҳар йили ўртача 3,7 миллион куб метр сув ресурсларини тежаш ҳамда суғориш тизимида сувни самарали бошқариш имконияти яратилди.
Каналларни бетонлаштириш сув хўжалигида энг самарали муҳандислик ечимларидан бири ҳисобланади. Бетон қоплама орқали сувнинг ерга шимилиб кетиши кескин камаяди, фильтрация йўқотишлари бартараф этилади, сув белгиланган ҳажмда ва қисқа муддатда истеъмолчиларга етказиб берилади. Бу нафақат сув тежалишини таъминлайди, балки насос ускуналари ва суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш, эксплуатация харажатларини камайтириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳам хизмат қилади.
Бу каби лойиҳалар, айниқса, сув ресурслари чекланган Қорақалпоғистон Республикаси учун алоҳида аҳамиятга эга. Амударё ҳавзасида сув оқимининг ўзгарувчанлиги, иқлим ўзгариши таъсири ва Оролбўйи ҳудудининг табиий шароитини ҳисобга олганда, ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш устувор вазифага айланмоқда. Шу боис ирригация тармоқларини бетонлаштириш сув йўқотишларини камайтириш, қишлоқ хўжалиги экинларини барқарор сув билан таъминлаш, фермерлар даромадини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ, “Ақ-жап” каналидан сув олувчи “Жетинши жап” каналининг 1,2 километр қисмини бетонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши сувдан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Келгусида фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш орқали сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш таъминланади. Бу эса қўшимча 370 гектар ер майдонларини ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор сув таъминотини таъминлашга мустаҳкам замин яратади.
“Ақ-жап” канали реконструкциясининг якунланиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда сув ресурсларини асраш, замонавий ирригация инфратузилмасини шакллантириш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир амалий натижаси бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати





