ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАБ ОЛИНГАН ЕР УЧАСТКАЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАР ТЕГИШЛИ ТАРТИБДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИ
2024-08-29 12:25:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси ва халқпарвар сиёсати сабаб ҳозиргача ерга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинган. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 365 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган.
Шу билан бирга, ҳуқуқий ҳужжатлари ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган 3 миллион 800 мингдан ортиқ ер участкалари мавжуд.
Ер кодекси ва Фуқаролик кодексида бундай ерларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган.
Аҳолини йиллар давомида қийнаб келган ер участкаси ва уй-жой билан боғлиқ муаммолар энди ҳуқуқий ечим топади.
Мамлакатимиз Президенти 2024 йил 5 августда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ЎРҚ-937-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади.
Янги Қонун:
- 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
- 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
- “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
- 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
- боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
- кичик саноат зоналарига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
- давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;
- ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига
нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.
Қонунда ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари белгиланган:
- ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаганлиги;
- ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
- ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
- бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса), муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
- ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши)
ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.
Шунингдек, қонунда якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи ҳажмлари кўрсатилган:
- 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
- 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.
Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
Аҳоли ёки тадбиркорлар ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқини расмийлаштириш учун идорама-идора югуриб юрмайди. Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотларни ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу тизимга 15 та ваколатли ташкилот ҳам тегишли маълумотларини киритади.
Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади. Уларнинг натижалари маҳалла бурчаклари, Кадастр агентлигининг сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга СМС-хабарнома юборилади. Ушбу хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Турар жойлар, хусусийлаштирилган ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов миқдорлари ҳам белгиланди. Бунда:
Тошкент шаҳрида – 1,7 млн сўм;
Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 1,02 млн сўм;
вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – 680 минг сўм;
бошқа аҳоли пунктларида – 340 минг сўм.
Аҳолига енгиллик яратиш мақсадида I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.
Ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш чоғида давлат ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилади. Хусусан, прокуратура, ички ишлар, агроинспекция, экология, кадастр органлари Қонунни амалга оширишда давлат назоратини ўрнатади.
Халқ депутатлари туман Кенгашлари қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.
Ахборот хизмати
