“КАРЬЕРА КУНИ” – ЁШЛАРНИНГ КАСБИЙ ФАОЛИЯТИГА МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР
2026-07-29 11:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда ёшларга тизим ташкилотларидаги мавжуд бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш тартиби, касбий ривожланиш истиқболлари ва соҳада яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети Қурилиш ва ирригация факультети декани А.Бутаёров ёшларга олий таълим муассасасида эгаллаган назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, замонавий ирригация ва мелиорация йўналишларида малакали мутахассис сифатида фаолият юритиш юзасидан тавсиялар берди.
Меҳнат ярмаркасида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг сув хўжалиги йўналишларини тамомлаган 58 нафар битирувчи иштирок этди.
Ярмарка давомида битирувчилар сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари билан бевосита суҳбатдан ўтиб, ўз билим ва касбий салоҳиятини намоён этди. Очиқ мулоқот жараёнида уларнинг малакаси, амалий тайёргарлиги ҳамда келгуси меҳнат фаолияти истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида 14 нафар битирувчи ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилиниб, улар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари расмийлаштирилди.
“Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни сув хўжалиги тизимига кенг жалб этиш ҳамда соҳани замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
Бундай тадбирлар таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг меҳнат бозорига муваффақиятли кириб келишига хизмат қилади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмат



