ТИЛГА ЭҲТИРОМ, КИТОБГА МУҲАББАТ — СУВЧИЛАР МАЪНАВИЯТИНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИ
2026-07-30 15:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда давлат тилининг нуфузини юксалтириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда мамлакатимиздаги барча ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Бу сафарлар оддий мониторинг эмас, балки соҳада давлат тилини қўллаш маданиятини янада такомиллаштириш, маънавий муҳитни юксалтириш ва китобхонлик анъаналарини кучайтиришга қаратилган амалий мулоқот майдонига айланмоқда.
Навбатдаги ишчи ташрифлар давомида Хоразм ва Навоий вилоятларидаги сув хўжалиги тизими ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар билан очиқ ва самимий учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар чоғида соҳа ходимларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланди, давлат тилининг нуфузини янада ошириш, ҳужжатлар юритиш маданияти ҳамда маънавий-маърифий ишлар юзасидан мавжуд муаммолар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Айниқса, ташкилотларда давлат тили меъёрларига сўзсиз риоя қилиниши, расмий ҳужжатлар ва ахборот материалларининг адабий тил талаблари асосида юритилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳар бир муассасада ходимлар маънавиятини бойитишга хизмат қилувчи “Маънавият хонаси” ҳамда Ахборот-ресурс марказларининг мавжудлиги ўрганилди. Уларнинг моддий-техник базаси, китоб фонди, ходимлар томонидан фойдаланиш даражаси таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Бугунги кунда китобхонлик маданиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ва маънавий тарбияни кучайтириш соҳа ривожининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, “Энг яхши сувчи китобхон” танловини юксак савияда ташкил этиш масаласи ҳам учрашувларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Танловнинг ҳар бир ҳудудда намунавий тарзда ўтказилиши, бадиий адабиётлар рўйхатини мазмунли ва тўғри шакллантириш, иштирокчиларни холис баҳолаш мезонлари юзасидан масъуллар билан келишиб олинди.
Шу билан бирга, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун Низом талаблари масъулларга батафсил тушунтирилиб, ҳар бир иштирокчи белгиланган тартиб ва мезонлар асосида пухта тайёргарлик кўриши лозимлиги таъкидланди. Бу эса танловнинг шаффофлиги ва юқори савияда ўтишини таъминлашга хизмат қилади.
Бундай учрашувлар ва ўрганишлар сув хўжалиги тизимида давлат тилига бўлган эҳтиромни янада мустаҳкамлаш, китобхонлик муҳитини кенгайтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш билан бирга, жамоаларда ягона мақсад сари интилиш, миллий қадриятларга садоқат ва Ватан тараққиёти учун масъулият туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили – Самарқанд вилояти. Бу ерда ҳам сув хўжалиги ташкилотларида давлат тили сиёсати, маънавий-маърифий ишлар, китобхонликни ривожлантириш ҳамда Президент ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича ўрганилиб, амалий тавсиялар берилиши режалаштирилган.
Давлат тилига эҳтиром, китобга муҳаббат ва юксак маънавият – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Бу йўлда сув хўжалиги тизими ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшиб, Президентимиз белгилаб берган эзгу мақсадларни амалга оширишда фаол иштирок этаётгани ҳар қандай эътирофга муносибдир.
Н. Каримова,
Вазирнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси




