СУВ ХЎЖАЛИГИ ТИЗИМИ ЁШЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ
2026-07-30 12:55:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ёшлар куни» этиб белгилангани муносабати билан вазирлик ва тизим ташкилотларида ёш ходимларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ҳамда ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилган навбатдаги мулоқотда Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, республика ва ҳудудий тизим ташкилотларининг ёш ходимлари, шунингдек, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетининг битирувчи талабалари қатнашди.
Учрашувда сув хўжалиги соҳасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида бажарилган ишлар, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Сув хўжалиги вазирининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Асилбек Турсуналиевнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, айни пайтда вазирлик тизимида 34 минг нафарга яқин ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 6 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади. Кейинги уч йил давомида соҳага 1 минг 330 нафар олий маълумотли ёш мутахассис ишга қабул қилинган. Бугунги кунда истиқболли ва ташаббускор ёшларнинг 315 нафардан ортиғи раҳбарлик лавозимларида, 200 нафардан зиёди эса бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритмоқда.
Мулоқот давомида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Сув хўжалиги вазирининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келган А.Турсуналиев бошқа масъул лавозимга тайинлангани муносабати билан вазирликнинг янги ёшлар етакчиси сайланди.
Сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш бошқармаси етакчи мутахассиси Нурмуҳаммад Холмуродовнинг номзоди иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Янги ёшлар етакчиси ўзига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар ва ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, 2026 йил якунига қадар вазирлик тизимига камида 1 000 нафар ёш мутахассисни жалб қилиш, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, битирувчилар учун очиқ танловлар, меҳнат ярмаркалари ва стажировка дастурларини кенгайтириш режалаштирилгани қайд этилди.
Шунингдек, янги ишга қабул қилинган ёшларга тажрибали мутахассисларни «Устоз–ментор» тизими асосида бириктириш, инновацион ғоя ва ташаббусларга эга ёшларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижий тиллар, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект бўйича билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ва рационализаторлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг илмий мақолалари, ишланмалари ва янги ташаббусларини рағбатлантириш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, ёш ходимларнинг таклиф ва муаммоларини мунтазам ўрганиш, улар учун семинар, тренинг ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, маънавий-маърифий, спорт ва интеллектуал тадбирларни кўпайтириш режалаштирилган.
Соҳада билимли, ташаббускор ва фидойи ёшларнинг «Олтин захираси»ни шакллантириш ҳамда уларни келгусида раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш юзасидан вазирлик раҳбариятига тегишли таклифлар киритиб борилади.
Очиқ мулоқотда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Тадбир ёшларни сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда янада фаол иштирок этишга, билим ва салоҳиятини мунтазам оширишга ҳамда тизим тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундади.
Ахборот хизмати








