ФЕРМЕРЛАР МУРОЖААТЛАРИ – ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА: ЖАРҚЎРҒОНДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ
2026-07-16 14:05:00 / Янгиликлар

Мазкур учрашувда Ангор, Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Музработ, Қизириқ, Олтинсой, Шўрчи ва Шеробод туманларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари ва Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги барча тизим ташкилот ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этиб, соҳага оид долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Очиқ мулоқот давомида фермерларни қийнаётган муаммолар, экин майдонларининг сув таъминотини янада яхшилаш, суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш, вегетация мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш ҳамда мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув жараёнида фермерлар томонидан жами 60 та мурожаат билдирилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида батафсил кўриб чиқилиб, уларнинг ечими юзасидан тегишли мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди. Мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди ҳамда мурожаатлар ижроси қатъий назоратга олинди.
Тадбирда қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантириш, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда бундай очиқ мулоқотлар муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, фермерларнинг таклиф ва мурожаатларини бевосита жойларда тинглаш, уларнинг муаммоларига амалий ечим топиш ҳамда давлат идоралари билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш орқали соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Очиқ мулоқот якунида билдирилган барча таклиф ва мурожаатлар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижроси доимий мониторинг остида олиб борилиши белгиланди. Бу каби учрашувлар давлат идоралари ва фермерлар ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда ирригатсия соҳада барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати




