Ўзбекистон-Қирғизистон: сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
2026-07-16 14:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон делегациясига Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари – Сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш агентлиги директори З.Ишпулатов, Қирғизистон делегациясига эса Сув ресурслари хизмати директори А.Жееналиев раҳбарлик қилди.
Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Косонсой (Ўрта-Тўқай) сув омборини самарали эксплуататсия қилиш, чегарадош ҳудудлардаги ирригатсия инфратузилмасини модернизатсия қилиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда «Дўстлик» насос станцияси фаолияти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони мамлакатда амалга оширилаётган «Рақамли сув хўжалиги» экотизими, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув ресурсларини ҳисобга олиш ва замонавий ахборот тизимларини қўллаш бўйича эришилган натижаларни тақдим этди.
Қирғиз томони мазкур йўналишларда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди.
Томонлар Андижон вилоятида Қирғиз Республикасининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари сув хўжалиги мутахассислари учун сув тежовчи технологиялар ҳамда гидрометрия соҳасида амалий ўқув семинарларини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.
Шунингдек, “Пахтаобод” каналини бетонлаш ишларини бошлаш учун зарур ташкилий чораларни тезкор амалга ошириш, чегарадош ҳудудлардаги сув хўжалиги инфратузилмасини модернизатсия қилиш ҳамда «Дўстлик» насос станциясидаги таъмирлаш ишларини жадаллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув давомида Қирғиз томони 2026 йил 29 сентябр – 1 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро сув тежаш форумида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва сув хўжалиги соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар давом эттирилишини тасдиқладилар.
Ахборот хизмати



