СУВ ХЎЖАЛИГИ ЁШЛАРИ ВАЗИРГА ТАКЛИФ БИЛАН ЧИҚДИ
2026-07-16 12:40:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан Сув хўжалиги вазирлигининг фаол ёшлари мулоқот ўтказди. Унда фаол ёшлар Сув хўжалиги вазирига киритиш учун таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиб, муҳокама қилдилар. Муҳокамаларда вазирликнинг ёшлар билан ишлаш юклатилган масъуллари ҳам иштирок этди.
Асилбек Турсуналиев етакчилигида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари шулардан иборат бўлди:
Биринчиси, вазирликдаги кутубхонанинг фақат иш соатларида эмас, кечаю-кундуз, дам олиш кунларида ҳам очиқ бўлишини таъминлаш.
Иккинчиси, вазирликдаги кутубхонани сиёсий, ижтимоий, бадиий адабиётлар билан бойитиш.
Учинчиси, “Энг яхши сувчи китобхон” танловига сув хўжалигининг барча ёшларини қамраб олиш орқали уларда китоб ўқишга қизиқишни янада кучайтириш.
Тўртинчиси, “Мустақиллик байрамига менинг ҳиссам” рукнини ташкил қилиш ва ОАВда сувчи ёшлар фаолиятини ёритиб бориш.
Бешинчиси, тизимда фаолият юритаётган 100 нафар иқтидорли ёшларни аниқлаш ва саралашни тезлаштириш ва яна 400 нафар иқтидорли ёшлар захирасини шакллантириш. Ташкилот раҳбарларининг захирага кирган ёшларни рағбатлантириш, уларга ўз устида ишлаши учун қўшимча шароитлар яратиш, раҳбарлик лавозимларига номзод тавсия этишда ёшларга устуворлик берилишини йўлга қўйиш.
Муҳокамалардан сўнг вазирнинг Маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодира Каримова китоб мутолааси бўйича ёшларга тавсияларини берди. Барчани вазирликдаги кутубхонани бойитиш учун ҳисса қўшишга даъват қилди. Шахсий намуна кўрсатиб, 10 та китоб совға қилди.
Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бошлиғи Дилафрўз Аликулова китобни ходимларга яқинлаштириш мақсадида вазирлик биноси биринчи қаватидаги “Китоблар бурчаги”дан ташқари тўртинчи қаватда ҳам шундай маскан ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ходимлар дам олиш вақтларида мутолаа билан шуғулланиши учун бу ерни диван ва стол-стуллар билан жиҳозлаш фикрини билдирди.
Мулоқот иштирокчилари вазирликдаги сиёсий, ижтимоий, бадиий адабиётлар кутубхонаси, “Китоблар бурчаги” ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг илмий кутубхонасини кўздан кечириб, барчалари китоб мутолаасини кундалик одатга айлантиришни, миллий кутубхона ва бошқа китоб масканларига тез-тез бориб туришни маслаҳатлашиб олдилар.
Ахборот хизмати







