ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИДА 150 ГЕКТАР МАЙДОННИНГ СУВ ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНАДИ
2026-07-15 09:30:00 / Янгиликлар

Айни пайтда туманнинг “Муқимий” МФЙ ҳудудидан ўтувчи хўжаликлараро ариқнинг 400 метр қисмига темир-бетон лотоклар ўрнатилмоқда. Мазкур ишлар натижасида сувнинг тупроққа сизиб йўқолиши камайиб, уни белгиланган манзилга тез ва барқарор етказиб бериш имконияти ошади.
Лойиҳа якунлангач, ҳудуддаги фермер хўжаликларининг 150 гектар экин майдони, шунингдек, аҳоли томорқаларига суғориш сувини етказиб бериш яхшиланади. Бу эса экинларни ўз вақтида ва зарур меъёрда суғориш, сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради.
Ҳозирда қурилиш-таъмирлаш ишлари туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг мутахассис ва ишчи-ходимлари томонидан белгиланган техник талаблар асосида олиб борилмоқда.
Лотокларнинг ўрнатилиши нафақат сув йўқотилишини камайтириш, балки суғориш тармоғининг сув ўтказиш самарадорлигини ошириш ва ҳудуддаги сув истеъмолчиларини барқарор сув билан таъминлашга хизмат қилади.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмати


