“Қишлоқ хўжалигига сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишлар” мавзусида брифинг
2024-08-21 11:55:00 / Янгиликлар

2024 йил 21 август куни АОКАда Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюнов иштирокида шу мавзуда брифинг ўтказилди.
Унда таъкидландики, 2024 йилда республикамиз бўйича жами 300 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда 200 минг гектар ерларни лазер ускунаси ёрдамида текислаш белгиланган.
20 август ҳолатига 304 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Шундан 71 минг гектарда томчилатиб, 33 минг гектарда ёмғирлатиб, 28 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий этилди, 172 минг гектар майдонларни эгилувчан қувурлар орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғориш йўлга қўйилди.
282 минг гектар ерлар лазер ёрдамида текисланди.
Мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, жумладан, субсидиялар ажратилаётгани катта самара бериб, кластер ташкилотлари ва фермерларни рағбатлантирмоқда.
Республикамизда 4,3 млн гектар суғориладиган экин майдонлари бўлиб, бугунги кунда 35 фоиздан ортиғи сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди.
Айнан сувни тежайдиган технологиялар жорий этилган майдонларда йил бошидан буён 1,4 млрд куб метр сув иқтисод қилинди. Таққослайдиган бўлсак, бу Навоий вилоятида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун бир йилда талаб қилинадиган сув миқдоридан бир ярим бараварга кўпдир.
2030 йилгача суғориладиган майдонларни тежамкор технологиялар билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун имкониятлар етарли. Сувни тежайдиган технологиялар ва уларнинг бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 60 тадан ошди.
Минтақамизда сув ресурслари йилдан йилга камайиши кузатилаяпти. Мана шундай шароитда сув танқислигини юмшатишнинг энг мақбул ечими сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Сувнинг ҳар қатрасини тежашда замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш юртимизни тўкин-сочин, ҳаётимизни фаровон қилиб бораверади.
Ахборот хизмати
