ИСМИТИ ИЛМИЙ ХОДИМЛАР ПОЛЬШАДА СТАЖИРОВКА ЎТАМОҚДА
2026-07-13 10:00:00 / Янгиликлар

Стажировка институт ва Green Crops Polska Sp. z о.о. ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилган. Ушбу ҳужжат томонлар ўртасида илмий-тадқиқот алоқаларини ривожлантириш, сув ресурсларини бошқариш, уларни замонавий рақамли технологиялар ёрдамида ҳисобга олиш бўйича тажриба ва ахборот алмашиш, шунингдек, ёш олим ва тадқиқотчилар учун қисқа муддатли илмий стажировкаларни йўлга қўйишни назарда тутади.
Амалиёт давомида ҳар бир илмий ходимга “Устоз-шогирд” тамойили асосида компаниянинг тажрибали мутахассиси бириктирилган. Тадқиқотчилар бевосита ишлаб чиқариш жараёнларида қатнашиб, замонавий суғориш технологияларининг амалиётда қандай қўлланилишини ўрганмоқда.
Хусусан, илмий ходимлар экинларни томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, ушбу технологияларни шўрланган ерларда қўллаш, сув ресурсларини самарали бошқариш ҳамда рақамли технологиялар асосида сув ҳисобини юритиш бўйича амалий кўникмаларини оширмоқда.
Стажировка фақат хорижий тажрибани ўрганиш билан чекланмаяпти. Ўзбекистонлик тадқиқотчилар ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувдан самарали фойдаланиш бўйича ўз илмий ишланма ва тавсияларини полшалик мутахассислар билан ўртоқлашиб, ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бормоқда.
Стажировка якунида ўрганилган илғор тажриба ва технологик ечимларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш, сув тежовчи суғориш усулларини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олиш бўйича янги илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ахборот хизмати


