СУВ ХЎЖАЛИГИ ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ ПРОФИЛАКТИК ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛДИ
2026-07-10 17:05:00 / Янгиликлар

Тиббий кўрик Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг мобиль тиббий клиникаси томонидан ўтказилди.
Кўрикнинг асосий мақсади – ходимлар саломатлигини мунтазам назорат қилиш, мавжуд касалликларни эрта босқичда аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида терапевт, гинеколог-маммолог шифокорлар, шунингдек, лаборатория мутахассислари томонидан ходимларнинг саломатлик ҳолати комплекс ўрганилди. Жумладан, умумий соғлиқ ҳолати, юрак-қон томир тизими, қон босими ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича тегишли текширувлар амалга оширилди, зарур лаборатория таҳлиллари ўтказилди.
– Ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказиб туриш ва иш жойида соғлом меҳнат муҳитини яратиш иш берувчининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади, – дейди вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодира Каримовa. – Шу жиҳатдан, мобиль тиббий клиниканинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани текширувларни бевосита иш жойининг ўзида ташкил этиш имконини берди. Натижада ходимлар ортиқча вақт сарфламасдан, малакали мутахассислар кўригидан ўтиб, саломатлиги ҳолати юзасидан зарур тавсиялар олиш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида тиббий маданият ва шахсий гигиенага оид тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Ходимларга саломатлигига масъулият билан муносабатда бўлиш, юқумли ва бошқа касалликларнинг олдини олиш, стресс ва асабий зўриқишни камайтириш, жисмоний фаолликни ошириш, тўғри овқатланиш ҳамда иш ва дам олиш тартибига риоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Ахборот хизмати






