ҚАРОР ШАРҲИ
2026-07-10 12:00:00 / Янгиликлар

Ҳужжат билан, қонунчилик талаблари асосида номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилаётган ҳамда янги ном берилган 216 та дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар ва шаршаралар рўйхати тасдиқланган. Масалан, “Акколь” номи “Оқкўл”, “Рыбацкий залив” — “Балиқчикўл”, “Тубаколь” — “Тубакўл” кўринишида расмийлаштирилган.
Қарорда Сув хўжалиги вазирлигига икки ой муддатда Кадастр агентлиги, Туризм қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда дарёлар, сойлар, булоқлар, шаршаралар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда уларга янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартишлар киритиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Туризм қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар ва шаршараларда ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоидалари ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлайди.
Ахборот хизмати
