ХИТОЙ СУВ РЕСУРСЛАРИ ВАЗИРЛИГИ ВАКИЛИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
2026-07-10 09:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган стратегик шериклиги туфайли юксак босқичга кўтарилганини таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур муносабатлар сув хўжалиги соҳасида ҳам изчил ривожланиб, амалий натижалар бермоқда.
Сўнгги йилларда сув ресурсларини бошқариш, соҳани рақамлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш йўналишларида самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитой Сув ресурслари вазирлиги тизимидаги Хуанхэ дарёси ҳавзаси лойиҳалаш, қидирув ва илмий-тадқиқот институти ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликни алоҳида эътироф этдилар. Бугунги кунда ушбу ҳамкорлик доирасида қўшма илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда, сунъий интеллект асосидаги замонавий суғориш технологиялари жорий этилмоқда ҳамда Ўзбекистонда Минтақавий сув ресурсларини бошқариш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Музокаралар чоғида сув хўжалигини рақамлаштириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш соҳаларида янги йўналишлар ва режалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги сув хўжалиги соҳасидаги стратегик шерикликни изчил мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Шунингдек, Хитой томони жорий йил кузда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон сув тежаш форуми ва Water Tech Expo 2026 халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф этилди.
Хитой томони Бутунжаҳон сув тежаш форуми ва Water Tech Expo 2026 тадбирларида фаол иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.
Ахборот хизмат

