СУВНИ ИСРОФ ҚИЛМАЙЛИК!
2026-07-09 15:10:00 / Янгиликлар

Сувни исроф қилишдан қайтарган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сувдан фойдаланишда жуда эҳтиёткор бўлганлар ва умматларини ҳам исрофдан қайтарганлар.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ таҳорат қилаётган бир одамнинг олдидан ўтаётиб: “Бу қандай исроф?”, дедилар.
Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?”, деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, ҳатто оқар дарё бўйида таҳорат қилаётган бўлсанг ҳам”, дедилар.
Бу ҳадис Исломда сувни беҳуда сарфлаш қанчалик ёмон амал эканини кўрсатади.
Сув биз инсонлар учун омонатдир. Ҳар бир неъмат учун Қиёмат кунида ҳисоб берилади. Сув ҳам ана шундай неъматлардандир. Уни ифлослантириш, беҳуда оқизиш ёки исроф қилиш Аллоҳ берган омонатга хиёнатдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмас”.
Бу оят фақат овқат эмас, барча неъматлар, жумладан, сувни ҳам меъёрида ишлатишга даъват қилади.
Сувни асраш – келажакни асрашдир, дейди доно халқимиз. Бугунги кунда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув манбаларининг камайиши инсоният олдидаги жиддий муаммолардан биридир. Агар ҳар бир инсон бир томчи сувни ҳам қадрласа, миллионлаб литр сув тежалади. Шундай экан, сувни исроф қилмайлик, уни пок сақлайлик ва келажак авлодларга соғ-омон етказишга ҳаракат қилайлик!
Аллоҳ таоло бизларни неъматларининг қадрига етадиган, шукр қиладиган ва исрофдан йироқ бандаларидан қилсин.
Муҳаммадшокир БОБОХЎЖАЕВ,
Норин туманидаги Умархўжа эшон жомеъ масжиди имом хатиби.
(“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28 (9400)-сонидан олинди.)
