Leman SWMS Investment компанияси билан насос станцияларини модернизация қилиш бўйича битим имзоланди
2026-07-02 14:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Германиянинг Leman SWMS Investment компанияси ўртасида “Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 19 та йирик насос станциясини модернизация қилиш, насос станцияларининг ўз эҳтиёжлари учун электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қуёш электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида Modernization Agreement (EPC) (Модернизация тўғрисидаги битим) имзоланди.
Имзоланган битим Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 19 та йирик насос станциясини модернизация қилишни назарда тутади ҳамда уларнинг энергия самарадорлигини, эксплуатацион ишончлилигини ва барқарорлигини оширишга қаратилган.
Модернизация тўғрисидаги битим 2026 йил 17 июнь куни 5-Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган Power Purchase Agreement (PPA) (Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим)дан сўнг тузилди. Мазкур PPA ҳамда Модернизация тўғрисидаги битим биргаликда лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартномавий-ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Лойиҳа доирасида, шунингдек, 9 та майдонда умумий ўрнатилган қуввати 800 МВтгача бўлган қуёш электр станциялари ҳамда умумий сиғими 400 МВт·соатгача бўлган энергия сақлаш тизимларини қуриш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сон Фармони билан тасдиқланган 2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 940 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Уни 2027–2030-йилларда маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, UET Group иштирокида амалга ошириш режалаштирилган. Бунда концорциумнинг маҳаллий ҳамкори сифатида “УЗБЕКЕНЕРГОТАЪМИР” АЖ қатнашади.
Модернизация тўғрисидаги битимнинг имзоланиши лойиҳани амалий босқичга ўтказиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Мазкур лойиҳа насос инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат бюджети юкламасини камайтириш ҳамда сув хўжалиги соҳасига энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Ахборот хизмати
