СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ ТАНҚИДИЙ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-06-26 14:40:00 / Янгиликлар

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолати ҳудудлар ва соҳалар кесимида тизимли ўрганиб келинмоқда. Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларида сайёр муҳокамалар ўтказилган.
Бу галги мажлисда эса Сув хўжалиги вазирлиги тизимида коррупциянинг олдини олиш масалалари танқидий кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, сув мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий барқарорлиги учун муҳим стратегик ресурс ҳисобланади. Шу боис соҳада давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупция хавфларини бартараф этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Тадбирда сув хўжалиги соҳасида коррупциянинг олдини олиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ҳамда соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида бюджет маблағларини талон-торож қилиш, сув тежовчи технологиялар учун ажратилган субсидиялардан ноқонуний фойдаланиш, сув фонди ерларини бошқаришдаги қонунбузарликлар, рақамлаштириш ишларининг сустлиги ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаларининг катта қисми бугунги кунга қадар тўлиқ самарали ишламаётгани танқид қилинди.
Мажлисда коррупцияга қарши курашишда асосий эътибор алоҳида ҳуқуқбузарликларга эмас, балки уларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилиши лозимлиги таъкидланди.
Мажлис якунида Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига муҳокама жараёнида билдирилган таклифлар асосида 10 кун муддатда соҳада коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда Миллий кенгашга киритиш вазифаси юклатилди.
Ахборот хизмат








