СУВЧИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ САМАРАЛИ БЎЛДИ
2026-06-25 11:55:00 / Янгиликлар

Бугун Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов вазирлик марказий аппарати ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган ёшлар билан онлайн очиқ мулоқот ўтказди.
Таъкидландики, Президентимиз ташаббуси билан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлик тизимида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар йили 500 нафардан зиёд ёш мутахассислар ишга қабул қилинаётир. Жорий йил бошидан 381 нафар олий таълим битирувчилари ишга қабул қилинди. Бу кўрсаткични 20 августга қадар 1000 нафарга етказиш режалаштирилган.
Ёш ходимларнинг 3 677 нафари ёки 61 фоизи олий маълумотли. Улардан 315 нафари раҳбарлик лавозимларида, 196 нафардан ортиғи бўлим бошлиғи лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Вазирлик тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сув хўжалиги объектларидаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиб, қўшимча даромад манбалари яратилмоқда.
Учрашувда сўзга чиққан Бўстон тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси сув назоратчиси Шукрулло Тожиддинов хўжаликлараро коллектор бўйида терак экиб парваришлаётганлигини, ҳозирда балиқчиликни йўлга қўйишга ҳам киришганлигини, “Асака-Адир” насос станцияси мутахассиси Муҳаммадюсуф Мамасолиев 0,5 гектар майдонда ўрдакчиликни йўлга қўйганлигини, Қизилтепа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси Сув ресурсларидан фойдаланиш бўлими етакчиси мутахассиси Диёр Турсунов “Хазормех” сувчилар уйи ҳудудида 100 та қуён, 50 та товуқ ҳамда 10 қути асалари бораётганлигини таъкидлаб, бу борада эришаётган натижа ва тажрибаларини гапириб берди.
Учрашувда вазирлик раҳбарияти ёшларнинг ҳар қандай ташаббусини қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлиги қайд этилди.
Ахборот хизмати




