ЯХШИ КУНДА ҲАМ, ҚУВОНЧУ-ТАШВИШДА ҲАМ СУВ – ҲАМРОҲИМИЗ
2026-06-25 09:55:00 / Янгиликлар

Тарихнинг ҳам, бугунги замоннинг ҳам ҳар лаҳзасида сувнинг ўрни бор.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг музейини томоша қилар эканман, Катта Фарғона канали қурилиши ҳақидаги экспозицияни кўриб, тўлқинланиб кетдим. Сув ҳаётимизнинг ажралмас қисми экани ҳақидаги фикрлар ўша ерда кўнглимдан ўтди.
Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Эшмирза Абдуалимовни кўпчилик танийди. Шу кишининг таклифи билан агросаноат мажмуидаги тармоқ соҳаларни ёритувчи журналистлар, блогерлар ва соҳа вазирликларининг матбуот котиблари Касаба уюшмалари Федерацияси Малака ошириш марказига йиғилдик.
Салом-алик, иштирокчилар ўзаро танишувдан сўнг Касаба уюшмалари музейини томоша қилдик. 120 йиллик тарихни ўзида жамлаган бу маскан 1905 йилда Туркистон ўлкасида касаба уюшмаларининг ташкил этилишидан Янги Ўзбекистоннинг Касаба уюшмалари фаолиятигача бўлган давр ҳақида ҳикоя қилади. Музейчиликнинг энг замонавий жиҳозлари ва воситаларидан фойдаланилган бу масканни келиб кўришни ҳамма соҳа вакилларига тавсия этган бўлардим. Ва бу ерга келган киши бир-икки соат давомида кўплаб маълумотлар ва улкан таассуротлар билан чиқишига аминман. Дарвоқе, музейда сув хўжалигига дахлдор Катта Фарғона канали қурилишидан бошқа экспонатлар ҳам бор. Мисол учун, Мирзачўлни ўзлаштиришга келган андижонлик кўнгилли ёшларнинг 1949 йил 14 февралда олинган фотосурати.
Чўлни ўзлаштириш учун энг аввало нима керак бўлади? Тўғри топдингиз, СУВ. Чўлни ўзлаштирувчилар ишни сув келтиришдан бошлаган. Шу каби бошқа экспонатлардан ҳам ҳамма ўзига қизиқ маълумотларни топиши мумкин.
Музей томошасидан сўнг “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” мавзусида тақдимот тингланди. Унда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг самараcи, бу жараёнларда меҳнат муҳофазаси, касаба уюшмалари аъзоларининг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни. Тадбирда журналистлар, блогерлар ва Ахборот хизмати ходимлари тақдирланди ва меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф этилди.
Бу тадбир агросаноат тармоқлари ва йўналишларини ёритувчи ижодкорларни бир даврага чорлаган, жипслаштирадиган, улар бир-бирларини кўрганда, кўришганда яхши хотиралар билан эслаб юрадиган муҳим учрашув бўлди.
Шуҳрат Суюнов,
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби



