ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ – БАРЧАНИНГ ИШИ
2026-06-19 17:45:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазирлигида 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш кунига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди. Унда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари мутахассислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, гиёҳвандлик воситалари инсон ҳаётига, оилалар фаровонлигига, болалар саломатлигига жиддий зарар етказади ҳамда мамлакат генофонди ва келажагига бевосита таҳдид солади. Янги қонун наркотикларни тарқатишнинг замонавий усулларига, айниқса интернет ва рақамли платформалар орқали тарқатилишининг олдини олишга, мазкур жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга ҳамда вояга етмаганларни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим нормаларни ўз ичига олади.
Бугун гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу умуммиллий вазифа ҳисобланади. Ота-оналар, таълим муассасалари, маҳаллалар, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари биргаликда ҳаракат қилгандагина ушбу хавфнинг олдини олиш мумкин.
Сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ҳар бир давлат хизматчиси ҳам мазкур вазифаларга масъулият билан ёндашиши лозим. Биз ўз меҳнат жамоаларимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш орқали ушбу иллатга қарши курашга муносиб ҳисса қўшишимиз мумкин.
Тадбирда гиёҳвандлик иллати ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
Ахборот хизмати




