ВАЗИР ОЧИҚ МУЛОҚОТ ВА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗДИ
2026-06-19 11:30:00 / Янгиликлар

Тадбир аввалида вазир сув хўжалиги соҳасида энг муҳим йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар ва ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Глобал иқлим ўзгаришлари, ҳароратнинг исиши ва бошқа омиллар таъсирида, афсуски, сўнгги йилларда минтақамизда сув ресурсларининг камайиши кузатилаяпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бораётганини, шу боис ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуслари билан кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган Фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш натижасида мамлакатимизда сув танқислиги оқибатларини камайтиришга, халқимизни белгиланган муддатларда ва миқдорларда сув ресурслари билан таъминлашга эришилмоқда.
2025 йилда 258 та (217 та ирригация, 41 та мелиорация) объектида 1 663 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилиб, 723 км каналлар бетонлаштирилди, 158 км суғориш (лоток ва қувур) тармоқлари, 303 км коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. 20 минг км дан зиёд ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
Натижада 364 минг гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, 500 млн. куб метрдан ортиқ сув йўқотишларининг олди олинди, 100 минг гектардан ортиқ ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, шўрланган майдонлар 24 минг гектарга қисқаришига эришилди.
Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ўтган йили 886 та лойиҳа бўйича 1,2 трлн. сўм маблағ ўзлаштирилиб, 1 872 км каналлар, 200 км га яқин лоток тармоқлари, 725 та суғориш қудуқлари ҳамда бошқа бир қатор ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Натижада 494 минг 296 та хонадоннинг 88 минг гектар томорқа майдонларида сув таъминоти яхшиланди.
2026 йилда 293 та (250 та ирригация, 43 та мелиорация) лойиҳа доирасида қурилиш, реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 1 981 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Шундан, бугунги кунга қадар 1 040 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилиб, 586 км каналларни бетонлаштириш, 13,3 км лоток ва 21,4 км ёпиқ суғориш қувурлари ҳамда 170 км узунликдаги коллектор дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Вазир сув тежовчи технологиялар, насос станцияларида энергиятежамкорлик, мавжуд сув захиралари, тизимдаги энг қуйи бўғин бўлган туман “Сув етказиб бериш хизматлари” фаолияти, хорижий инвестициялар, бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида сув хўжалиги соҳасида эришилган келишувлар ва меморандумлар, сув фонди ерларини ижарага беришнинг янги механизмлари, балиқчиликни ривожлантириш, рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, кадрлар масаласи, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, лойиҳа ташкилотлари, экспертиза, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик бўйича маълумот берди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, соҳавий ва ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан тушган саволларга жавоб берилди.
Матбуот анжуманида “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали бош муҳаррири Тоҳир Долиев, ЎзА шарҳловчиси Насиба Зиёдуллаева, “Vaqt.uz” сайти бош муҳаррири Илёсбек Сафаров ўз саволларига вазирдан жавоб олди.
Ахборот хизмати







