ҲУДУДЛАРДАГИ МУАММОЛАРГА ИЛМИЙ ЕЧИМЛАР ИЗЛАНАДИ
2024-08-05 11:15:00 / Янгиликлар

Жорий йил 1 август куни Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти жамоаси билан ўтказган учрашувда шу ҳақда сўз юритилди. Унда вазир ўринбосарлари, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Zoom платформаси орқали ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, жойлардаги илмий ходимлар ва докторантлар иштирок этди.
- Энди олимларимиз ҳам масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, тадқиқотларнинг амалий натижалари билан сув хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшишлари лозим. Профессорлардан ҳам, докторантлардан ҳам катта шижоат ва амалий натижадорлик қилиш талаб этилади, – деди Вазир.
Учрашувда сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков илм ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш, ҳар бир ходимнинг китоб ўқиш орқали билимини ошириб боришини ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини берди.
Топшириққа кўра, 5 августдан Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олимлари ва докторантлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга сафарга чиқиб кетишди. Улар ўз йўналишидан келиб чиқиб, илмий тадқиқотларини амалий шароитда синовдан ўтказишади. Сув омборлари, коллектор, ирригация тармоқлари, насос станциялари, сув тежовчи технологиялар бўйича ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими ҳақида илмий таклифлар тайёрлайди.
Ахборот хизмати

