ХЎЖАЙЛИДАГИ САЙЁР ҚАБУЛДА ФЕРМЕРЛАРНИ ҚИЙНАЁТГАН МАСАЛАЛАР ЎРТАГА ТАШЛАНДИ
2026-06-09 16:15:00 / Янгиликлар

Хўжайли туманида ўтказилган сайёр қабулда тадбиркор ўзини қийнаётган муаммосини ҳал этишда ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари – Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори Зокир Ишпулатовга мурожаат қилди.
Мурожаат юзасидан масъулларга масалани зудлик билан ўрганиб чиқиб, қонуний ечим топиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида фермерлар, тадбиркорлар ва соҳа ходимлари томонидан сув хўжалиги соҳасига оид қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “JANABAY-JAULAN” ва “ALLASHUKUR-BEGZAD” фермер хўжаликлари раҳбарлари кластерлардан қайтариб олинган насос агрегатларини давлат-хусусий шериклик асосида олиш бўйича ёрдам сўради.
Шунингдек, фермерлар томонидан сув тежовчи технологиялар учун ажратилаётган субсидиялардан фойдаланиш тартиби, шўр ювиш ишларининг солиққа тортилиши каби масалалар ҳам ўртага ташланди.
Қабул давомида айрим масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Дарҳақиқат, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганишга қаратилган бундай қабуллар фуқароларни овора қилмасдан, масалаларга тезкор ечим топиш имконини бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати



