Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизматининг расмий баёноти
2026-06-11 20:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11 июнь куни тахминан соат 14:00 лар атрофида Тошкент шаҳри Бектемир тумани “Нурафшон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг 41.230338:69.319910 координатасида жойлашган “Сув сўндиргич” (водопад) иншоотининг оқим бўйлаб ўнг нишаблигидаги бетон қопламаси ҳамда қирғоқ бўйи минтақасида ўпирилиш содир бўлган.
Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бошчилигидаги ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб борган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, тегишли ташкилотлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъулларидан иборат Тезкор штаб тузилган.
Содир бўлган ўпирилиш ҳолатини бартараф этиш ишларини олиб бориш учун ҳозирда 2 та экскаватор, 10 та самосвал, 2 техника ҳамда ишчи кучи жалб этилиб,Чирчиқ дарёси қирғоғини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳодиса оқибатида атрофдаги бино-иншоотлар, объектлар ҳамда аҳоли хонадонларига зарар етмаган. Айни вақтда улар учун ҳеч қандай хавф мавжуд эмас.
Ишчи гуруҳлар томонидан Бектемир тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг оқим бўйлаб икки ён атрофида жойлашган фуқароларнинг яшаш хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларида профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда, уларга хавотирга ўрин йўқлиги тушунтирилмоқда.
Чирчиқ дарёсида соат 18:00 ҳолатига сув сатҳи 278 м3/сек ни ташкил этмоқда.
Айни пайтда дарё суви камайтирилмоқда.
