АҲОЛИ ЎРТАСИДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ ТЕЖАБ ИШЛАТИШ МАДАНИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ
2026-06-10 16:30:00 / Янгиликлар

Томорқаларни суғориш учун ҳар йили ўртача 4 млрд куб метр атрофида сув ресурслари етказиб берилади. Бу эса мамлакат сув ресурсларининг салмоқли қисмини ташкил этиб, томорқаларда сувдан самарали ва тежамкор фойдаланишни янада долзарб вазифага айлантирмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-22-сон Фармоннинг 6-иловаси, Амалий чора-тадбирлар режасининг 62-мақсади 208-бандида аҳоли ўртасида сув ресурсларини тежаб ишлатиш маданиятини шакллантириш орқали уй хўжалигида томорқадан унумли фойдаланишни ривожлантириш вазифаси белгиланган.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳам чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, Фонд Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича ягона электрон платформа орқали грантлар танловини эълон қилган бўлиб, танлов йўналишларидан бири аҳоли ўртасида сув ресурсларини тежаб ишлатиш маданиятини шакллантириш орқали уй хўжалигида томорқадан унумли фойдаланишни ривожлантиришга қаратилган. Бу йўналишда жами 2 млрд сўмлик 9 та лойиҳа танловга қўйилган.
Бугун Сув хўжалиги вазирлиги Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда Сувчилар мактабида семинар ўтказди. Унда ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари, фонднинг вилоят бўлинмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этди.
Семинарни Фонднинг бўлим бошлиғи Зуҳра Иброҳимова олиб борди. Уни Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари – Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори Зокир Ишпулатов очиб берди. Ўз маърузасида бугун дунёда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, экологик ва миллий хавфсизлик масаласига айланиб бораётганини, Марказий Осиё минтақасида ҳам иқлим ўзгариши сув ресурсларининг шаклланиши ва мавжуд захирасига ўз таъсирини кўрсатаётганлигини таъкидлади.
Томорқаларни суғоришда сув ресурсларидан самарасиз фойдаланишга чек қўйиш, тежамкор технологияларга ўтиш, сув истеъмоли маданиятини юксалтириш ҳақида фикрларини билдирди.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти “Суғориш технологиялари ва техникаси” лабораторияси мудири Самандар Гаппаров, Сув хўжалиги вазирлигининг Сув тежайдиган технологияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Кулматов ва бошқаларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.
Иштирокчиларнинг аҳоли томорқаларида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш, бу тизим орқали экин етиштиришнинг афзалликлари ҳақидаги саволларига мутахассислар жавобларни беришди.
Ахборот хизмати




