КОРЕЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА
2024-07-31 15:40:00 / Янгиликлар

Вазир Шавкат Хамраев меҳмонларни ташриф билан қутлади. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Концепцияда қўйилган вазифалар ижроси, сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш самаралари ҳақида гапириб берди.
Корея Республикаси билан сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, Корея Республикасининг сув ресурслари давлат корпорацияси (К-water) билан халқаро сув форумлари ва анжуманлар доирасида ҳамкорлик қилиб келинаётганлигини, KOICA агентлигининг грант маблағлари ҳисобига республикамиздаги йирик сув хўжалиги объектларига 61 та “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилганлигини таъкидлади.
Сув – бу оби ҳаёт эканлигини айтиб, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва минтақа давлатларининг сув бўйича вазирлик ва идоралари ўртасида йўлга қўйилган дўстона алоқалардан Корея Республикаси билан муносабатларни мустаҳкамлашда платформа сифатида фойдаланишни таклиф этди.
Ўз навбатида “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ижрочи директори Ли Жонг Гук самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Корея томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини қайд этди.
- Ҳақиқатдан ҳам сув – бу оби ҳаёт. Халқнинг, миллатнинг тақдири ушбу ресурсга боғлиқ. Шу сабабли ҳам Кореяда сув давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади, - деди Ли Жонг Гук.
Учрашувда Корея Республикасининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида ахборот берилди.
Сув хўжалигини рақамлаштириш, илғор технологияларни ўзлаштириш, тажриба алмашиш, малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш тўғрисида фикрлашиб олинди.
Ахборот хизмати


