СУВ СОЛИҒИ
2026-06-06 11:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 445-моддасига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни ўстириш (етиштириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ерларига эга бўлган жисмоний шахсларга 1 куб метр сув учун солиқ ставкаси 107 сўм этиб белгиланган.
Бунда;
- сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда – 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
- сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда – 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
- балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда – 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
- сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,1 оширувчи коэффициент қўлланилади.
- Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари: юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, лазерли текислаш лозим бўлган суғориладиган ерлари лазерли текисланмаган тақдирда, ушбу ерлар учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 1,2 гача оширувчи коэффициент қўллашга ҳақли.
- Сувдан фойдаланиш учун белгиланган лимитлардан ортиқча сув олинганда, бундай ортиқча қисм бўйича солиқ ставкалари белгиланган солиқ ставкаларининг беш баравари миқдорида белгиланади.
- Сув ресурсларидан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда, шунингдек автотранспорт воситаларини ювишни амалга оширувчи корхоналар томонидан ер усти манбаларидан олинган сувдан фойдаланилганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг беш баравари миқдорида белгиланади.
Сув солиғи ва бошқа солиқлар, мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш жамият тараққиёти, давлат бюджети барқарорлиги ҳамда ижтимоий соҳаларнинг узлуксиз ривожланишига хизмат қилади.
