ҚУЙИ АМУДАРЁДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ МОДЕЛИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ
2026-06-03 12:00:00 / Янгиликлар

Концепция БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Глобал экологик жамғарма (GEF) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжат Оролбўйи ҳудудларида сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Концепцияга мувофиқ, сув ресурсларини бошқаришда маъмурий ёндашувдан гидрографик, яъни ҳавза тамойилига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилган. Бу эса дарё ҳавзаси доирасида сув ресурсларидан фойдаланишни режалаштиришда барча сув истеъмолчилари, табиий экотизимлар ҳолати ва узоқ муддатли иқлим хавф-хатарларини комплекс ҳисобга олиш имконини яратади.
Келгусида ишлаб чиқиладиган СРИҲБ режаси сув ресурсларини самарали тақсимлаш, қишлоқ хўжалиги, коммунал хизматлар, энергетика, балиқчилик соҳалари ҳамда маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини уйғунлаштириш, сувдан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий низоларнинг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг навбатдаги босқичида Қуйи Амударё ҳавзаси учун СРИҲБ режаси ишлаб чиқилади. Синов ҳудудлари сифатида Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Мўйноқ туманлари белгиланган.
Ушбу ҳудудларда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сув ҳисобини рақамлаштириш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнларига фермерлар ва маҳаллий жамоалар иштирокини кенгайтириш чоралари амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус Орол денгизи ҳавзаси экотизимларини тиклаш, сув-ботқоқли ерларни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраш ҳамда ҳудуднинг иқлим ўзгариши оқибатларига чидамлилигини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга хизмат қилади.
Ахборот хизмати


