СУВ ХЎЖАЛИГИДА РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ
2026-05-28 10:45:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш соҳасини рақамлаштиришга давлат сиёсати дапражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз 2024 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли рақамлаштириш эканлигини алоҳида таъкидлагани ҳам бежиз эмас, албатта.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, бугунги ислоҳотларнинг асосий йўналишини белгилаб бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони асосида “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ташкил этилди. Марказ қошида замонавий “Вазиятлар маркази” ишга туширилиб, соҳадаги жараёнларни онлайн кузатиш имкони яратилди. Шунингдек, соҳадаги барча ахборот тизимларини бирлаштирувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Ўзинфоком” билан ҳамкорликда сув хўжалиги тизимига оид 10 та замонавий ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, улар босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Ушбу тизимлар сув ҳисобини юритиш, насос станцияларини онлайн мониторинг қилиш, мелиоратив ҳолатни баҳолаш, сув ресурсларини тақсимлаш, давлат сув кадастрини шакллантириш ҳамда гидротехник объектлар ҳолатини назорат қилиш имконини бермоқда.
Хусусан, “Сув ҳисоби” ахборот тизими орқали сув истеъмолчилари билан тузилган шартномалар, сув лимитлари ва сувдан фойдаланиш ҳисоботи рақамли шаклда юритилмоқда. “Насос станциялари” ахборот тизими эса республика бўйича сув насослари ва электр энергияси сарфини онлайн кузатиш имкониятини яратди.
“SMARTWATER.UZ” платформаси сув ресурсларини реал вақт режимида мониторинг қилиш ва рақамли қурилмалар орқали сув сарфини кузатиш имконини берса, “Мелиорация” ахборот тизими “Diver” қурилмалари ёрдамида ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш ва таҳлил қилишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, “Давлат сув кадастри” ахборот тизими соҳадаги барча маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Бир сўз билан айтганда, “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси келажакда соҳадаги барча ахборот тизимларини ягона рақамли муҳитга интеграция қилиш, маълумотларни марказлаштириш ва аналитик таҳлилларни амалга ошириш имконини беради.
Ҳозирги кунда мазкур платформа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Солиқ қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси каби қатор давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ва келгуси режада қатор бошқа ташкилотлар билан ҳам интеграция ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Сув хўжалигида рақамли трансформация фақатгина маълумотларни автоматлаштириш билан чекланиб қолмайди. Бугунги кунда сунъий интеллект, IoT технологиялари, онлайн сенсорлар, аэрокосмик маълумотлар ва рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, гидропостлар ва сув объектларида ўрнатилаётган ва ўрнатилиши режалаштирилаётган “ақлли” қурилмалар сув сатҳи ва сув сарфини реал вақт режимида кузатиш имконини бермоқда. Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув йўқотишларини қисқартириш ва тезкор бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, соҳада ERP тизимлари платформаларини жорий этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар молиявий бошқарув, активлар ҳисоби, коррупцияга қарши комплаенс назорати ва шаффофликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳозирда Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар соҳада замонавий рақамли экотизимни шакллантириш, ягона маълумотлар муҳитини яратиш ва давлат бошқарувида замонавий data-driven ёндашувларни жорий этишга қаратилган.
Биз келгусида ҳам сув ресурсларини бошқариш соҳасида инновацион технологияларни кенг жорий этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва рақамли инфратузилмани такомиллаштириш ишларини изчил давом эттирамиз.
Мухтасар қилиб айтганда, сув хўжалигида рақамли трансформация – бу нафақат технологик янгиланиш, балки мамлакатимиз сув хавфсизлиги, барқарор ривожланиши ва келажак авлодлар учун сув ресурсларини асраб қолишнинг муҳим кафолатидир.
Севара Атабаева,
Сув хўжалигини рақамлаштириш ва
мониторинг маркази директори
