“ЯШИЛ” ЭНЕРГЕТИКА – МАМЛАКАТИМИЗ СУВ ХЎЖАЛИГИ ТАРАҚҚИЁТИДА МУҲИМ ОМИЛ
2024-07-24 17:08:00 / Янгиликлар

Юртимизда суғорма деҳқончилик қилинадиган 4 миллион 300 минг гектардан зиёд майдонларнинг ярмидан кўпроғига сув насослар ёрдамида етказиб берилади. Бугунги кунда вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган насос станцияларининг самарадорлигини ошириш ва улар томонидан истеъмол қилинадиган электр энергиясини тежаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йилда вазирлик тизимидаги насос станцияларда хизмат муддатини ўтаб бўлган, маънан ва жисмонан эскирган 148 та насос ва 149 та электродвигателларни янгилаш янгилаш режалаштирилиб, амалда 135 та (91%) насос ва 135 та (91%) электродвигателлар харид қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
31 декабрдаги йиғилиши баёнининг 26-бандига асосан, жорий йилда насос станцияларидаги 2051 та ёруғликдиод лампалар, 107 та частота ўзгартирувчи (плавный пуск) қурилмалари, 83 та қуёш батареялари, 26 та қуёш сув иситиш қурилмалари ва 132 та конденсатор қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида 2 128 та (104%) ёруғлик диод лампалар, 66 та (50%) конденсатор қурилмалари, 73 та (68%) частота ўзгартирувчи (плавный пуск) қурилмалар, 40 та (48%) қуёш батареялари, 14 та (54%) қуёш сув иситиш қурилмалари харид қилинди. Йил охирига қадар режалаштирилган барча ишлар якунига етказилади.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига насос станциялари ва тик қудуқларни ишлатиш учун 3 084,3 млн. кВт/соат электр энергия лимити ажратилган бўлиб, амалда 2 954,8 млн. кВт/соат сарфланди ва ажратилган лимитга нисбатан 129,5 млн. кВт/соат, ўтган йилнинг мос даврига (2023 йил 1 июль ҳолатига амалда 3 323,08 млн. кВт/соат) нисбатан 368,3 млн. кВт/соат электр энергияси тежалишига эришилди.
Бундан ташқари, 2024 йилда тизим ташкилотларининг маъмурий биноларига 1 200 кВт қувватли қуёш панеллари ва 20 000 литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатиш режалаштирилган.
Вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг маъмурий бинолар ҳамда сув хўжалиги объектларига жорий йилнинг олти ойи давомида 250,5 кВт қувватдаги қуёш панеллари ва 2 000 литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатилди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз сув хўжалиги тизимида “яшил энергетика” тизимини жадал ривожлантириш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, тежалган энергияни иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, биринчи галда, аҳоли эҳтиёжларини қондиришга йўналтириш доимий эътиборда.
Ахборот хизмати


