ФИДОЙИЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ ТИМСОЛИ
2026-05-26 10:45:00 / Янгиликлар

Жумақул Рамазанович 1963 йил 19 сентябрда Бухоро вилояти Олот туманида таваллуд топган. Оддий меҳнаткаш оилада вояга етган бўлажак муҳандис ёшлик йиллариданоқ техника ва аниқ фанларга катта қизиқиш билан ёндашарди. Айниқса, турли механизм ва техникаларни мустақил равишда тузатишга бўлган қизиқиши унинг келажакда муҳандислик соҳасини танлашига мустаҳкам пойдевор бўлди.
У мактабни аъло баҳоларга тугатиб, 1982 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўқишга кирди. 1987 йилда муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича олий маълумотни муваффақиятли тамомлади.
Меҳнат фаолиятини Вилоятлараро Аму-Бухоро машина каналини ишлатиш бошқармасида катта муҳандис вазифасида бошлади. Кейинчалик лойиҳа-смета бюроси бошлиғи вазифасини бажарувчиси ва бюро бошлиғи лавозимларида фаолият юритиб, соҳадаги мураккаб жараёнларни пухта билиши, ташаббускорлиги ва ишга талабчанлиги билан ажралиб турди.
Унинг соҳага оид чуқур билими, ташкилотчилик қобилияти ва масъулият билан иш олиб бориши республика миқёсида ҳам эътироф этилди. Шу боис кейинчалик Тошкент шаҳрига, сув хўжалиги тизимидаги масъул раҳбарлик лавозимларига таклиф этилди.
Жумақул Рамазанович “Ўзсувтаъмирфойдаланиш” республика бирлашмасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида турли раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритди. Хусусан, 2019 йилда Сув хўжалиги вазирлиги Ирригация тизимларидан ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганидан сўнг ирригация тизимларидан самарали фойдаланиш, гидротехника иншоотларини сақлаш, таъмирлаш ва модернизация қилиш ишларини ташкил этишда катта ҳисса қўшди.
Биз Жумақул Рамазанович билан деярли тенгдош авлод вакиллари эдик. Сув хўжалиги тизимидаги кўп йиллик фаолиятим давомида унинг соҳага садоқати, масъулияти ва инсонларга бўлган ҳурмати ҳар доим алоҳида эътиборимни тортарди.
У ҳар қандай вазиятда ҳам ишга виждонан ёндашар, мураккаб масалаларга ечим топишда билим ва тажрибасига таянарди. Бирон топшириқ берилса, маромига етказиб ижросини таъминламугунича ўзи ҳам тинчимасди, бошқаларни ҳам тинч қўймас эди.
Мисол учун, Жиззах, Самарқанд вилоятларида Жумақул Рамазанович бошчилигида қурилган, капитал таъмирланган бинолар, гидротехника иншоотлари, сувчи уйлари соҳага хизмат қилиб турибди. Канал атрофига экилган тераклар осмонга бўй чўзган. Республика семинарларини ташкил этиш, ёрдамчи хўжаликларни йўлга қўйиш бўйича у кишига тенг келадиган мутахассис йўқ эди.
Айниқса, ёш мутахассисларга бўлган муносабати, уларни қўллаб-қувватлаши ва ўз билимини аямасдан ўргатиши билан кўпчиликка ўрнак бўлган. Ҳамкасблари, шогирдлари уни билимли раҳбар, талабчан мутахассис ва самимий инсон сифатида яхши эслайди.
Жумақул Рамазановичнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида сўз кетганда, унинг оилапарвар инсон бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. У киши фарзандларини меҳнатсеварлик, билимга интилиш ва эл-юртга хизмат қилиш руҳида тарбиялади.
Қувонарлиси, бугун Жумақул Рамазанович бошлаб берган касб йўли унинг фарзанди Азамат томонидан муносиб давом эттирилмоқда.
Афсуски, 2020 йил 20 июль куни Жумақул Дурматов бевақт вафот этди. Бироқ у кишининг сув хўжалиги тизими ривожи йўлида қилган меҳнати, қолдирган бой тажрибаси ва ибратли ҳаёт йўли ҳамкасблари, шогирдлари ва яқинлари қалбида ҳамиша сақланиб қолади.
Сув хўжалиги тизимида узоқ йиллар сидқидилдан меҳнат қилган ана шундай фидойи инсонларнинг ҳаёт йўли бугунги ёш мутахассислар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Уларнинг меҳнати ва соҳа тараққиёти йўлидаги хизматлари ҳар доим юксак қадрланади.
Шавкат Хамраев,
Сув хўжалиги вазири


