КАНАЛЛАРНИ БЕТОНЛАШ СУВНИ ТЕЖАШДА САМАРА БЕРАЯПТИ
2024-07-23 15:40:00 / Янгиликлар

Мамлакатдаги сув ресурсларининг 20 фоизи Ўзбекистоннинг ўзида, катта қисми эса қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камаймоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилиняпти.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 млрд куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Айниқса, каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир ҳисобланади.
Сув йўқотишларини камайтириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил – сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.
2024 йилда 215 та объектда қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш учун 1 880,0 млрд. сўм (шундан, 1650,0 млрд. сўм ирригация, 230,0 млрд. сўм мелиорация) маблағлар лимити ажратилган.
Ушбу маблағлар ҳисобига ирригация тармоқлари ва иншоотлари бўйича 816,6 км канал, 81,0 км лоток, 59 та гидротехника иншоотлари, 38,1 м3/с насос станциялари, 23,5 км босимли қувурлар, 80 та суғориш қудуғи, 6,8 млн. м3 ҳажмли сув омбори қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 10,4 км қирғоқ ҳимоя ишларини бажариш режалаштирилган. Шунингдек, мелиорация тармоқлари ва иншоотлари бўйича 254,8 км очиқ, 113,8 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 83 та вертикал дренаж қудуғи, 25 та гидротехник иншоот, 618 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида вазирликнинг “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари буюртмачилигида ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 907 млрд. сўм (лимитга нисбатан 60 фоиз) маблағ ўзлаштирилди.
Шундан, каналларни бетонлаштириш бўйича Республика бюджетидан ажратилган 676,7 млрд. сўм маблағлар ҳисобига 75 та лойиҳада 554,5 км магистрал ва хўжаликлараро каналларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
75 та лойиҳадан 56 тасида қурилиш-монтаж ишлари якунланган ва 39 таси Давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси билан фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, сув хўжалигида амалдаги хорижий инвестиция лойиҳалари доирасида Фарғона водийсида 151 км каналлар, Бухоро вилоятида “Жондор” канали (23 км) ва Сурхондарё вилоятида “Боботоғ” канали (24 км) бетонлаштирилмоқда.
Хитойнинг “CITIC Construction”, “China CAMC Engineering” ва бошқа нуфузли компаниялари билан Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги 1 307 км каналларни бетонлаштириш ва сув омборларини қуриш бўйича (дастлабки қиймати 220 млн. долл) лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятида узунлиги 316 км бўлган 26 та канал, Бухоро вилоятида 64,1 км, 6 та канал, Наманган вилоятида 22,9 км, 2 та канал, Сурхондарё вилоятида 904 км, 47 та канални реконструкция қилиш лойиҳаларининг техник иқтисодий асослови ишлаб чиқилмоқда.
Бетон қилинган каналларда сув йўқотишлари камайиб, экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилмоқда.
Ахборот хизмати


