ВАЗИР ВА ЁШЛАР МУЛОҚОТИ
2026-05-21 16:45:00 / Янгиликлар

Ўтган йили 18 август куни пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида илк бор муҳандислик ва робототехника йўналишида дунё рекорди янгиланди. 2000 нафар юртимиз ёшлари белгиланган вақт ичида мини роботни йиғиш ва ҳаракатга келтириш амалиётини муваффақиятли бажариб, ҳиндистонлик тенгдошларидан ўзиб кетдилар. Ушбу миссия юртимизнинг илм-фан ва муҳандислик соҳаларидаги имкониятлари ва ижодий-интеллектуал потенциал даражасини дунёга намоён этди. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор муҳандислик соҳасидаги йирик Гиннес рекорди ҳисобланади. Мазкур тарихий тадбирда Қарши давлат техника университетининг Ирригация муҳандислиги факультети Гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш йўналиши талабаси Қувончбек Нарзуллаев иштирок этди.
Ўтган йили Қувончбек Сув хўжалиги вазири стипендиясига ҳам сазовор бўлди.
Бу йил олий ўқув юртини тамомлаётган Қувончбекнинг олам-олам орзулари бор. Бугун у Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев билан мулоқотда ўзининг янги лойиҳаси ҳақида гапириб берди. Лойиҳа автомагистрал йўлларда спиралсимон шамол генераторларини ўрнатиб, электр энергиясини олиш орқали чекка ҳудудлардаги қишлоқларга насослар ёрдамида сув чиқаришни назарда тутади.
Ёш ихтирочининг лойиҳаси вазир томонидан қўллаб-қувватланиб, уни амалга ошириш, бўлажак сувчига шароитлар яратиш тўғрисида Аму-Қашқадарё ИТҲБ бошлиғига топшириқ берилди.
Ҳусниддин Сафаров 24 ёшда. Ёш бўлишига қарамасдан 5 та вилоятга сув етказиб бериш учун хизмат қиладиган Зарафшон магистрал тизимидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлайди.
– Жорий йил бошида бошлиқ ўринбосари вазифасига тайинланганимда бошқармамиз тизимида 30 нафар ёшлар ишлар эди. Бугун тенгдошларимиз сони 60 нафарга етди. Йил охиригача биздаги ёшлар сонини 100 нафарга етказиш ва тизимни ёшартириш ниятидамиз, – деди Ҳусниддин вазир билан учрашувда чоғида.
У бошлаб қўйган илмий ишини Европа давлатларида давом эттириш режасини маълум қилди. Ҳусниддинга ҳам барча шароит ва имкониятлар яратилиши ваъда қилинди.
Корея Республикасининг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги гранти асосида нуфузли Ханянг Университети (Hanyang University ERICA) магистратура босқичига ҳужжат топширган навоийлик ёш сувчи Абдуазиз Абдукаримов, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида туғилиб ўсган, “Сирдарёсувқурилишинвест” ДМда ишлаётган таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган Эргашбой Юлдашев ва кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони бўлган Азиз Ҳакимов ҳамда бошқа истеъдодли, иқтидорли ёшлар сўзга чиқди.
Ёшларнинг таклифлари, ташаббуслари тингланди. Вазир билан мулоқот шунчаки расмий йиғилиш эмас, балки амалий натижа бераётган платформага айлангани ёшлар томонидан эътироф этилди.
Спорт мусобақаларини ташкил этиш, “Заковат” интеллектуал турнирини уюштириш, китобхонлик танловини ўтказиш, илмий фаолиятга ёшларни жалб этиш, уларнинг ўз иқтидорини намоён этиши учун бошқа кўплаб янги имкониятларни яратишга келишиб олинди.
Ахборот хизмати






