БУРЧ, ЖАСОРАТ, МАТОНАТ!
2026-05-13 11:20:00 / Янгиликлар

Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллик байрамига бағишланган ушбу тадбир Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари, ҳарбийлар, фахрийлар, Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Иккинчи жаҳон уруши йилларида сув хўжалиги соҳаси иқтисодиёт ва фронт орти барқарорлигини таъминлашда стратегик аҳамият касб этганини олтита асосий йўналиш мисолида таҳлил қилди. Хусусан, сув хўжалиги соҳаси озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат ишлаб чиқариши, энергетика ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш орқали стратегик тармоқ сифатида намоён бўлганлигини, фронтдаги ғалабани таъминлашда билвосита, аммо ҳал қилувчи ўрин тутганлигини таъкидлади.
Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти ва фаолларига Мудофаа вазирлигининг 3-даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони топширилди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва фаол ҳарбий хизматчилар “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони ва ташаккурнома билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестри чиқишлари, Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамблининг махсус байрам дастури тадбирга файз бағишлади.
Ахборот хизмати






