СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА АЁЛЛАР ЕТАКЧИЛИГИ
2026-04-21 17:15:00 / Янгиликлар
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” ва Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан “Сув хўжалиги соҳасида аёллар етакчилиги” мавзусида тренинг ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, аграр соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркор аёллар, Бухоро туманидаги 2-сонли Ирригация техникуми ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда “Бошқарув кўникмалари ва жамоада самарали ишлаш”, “Самарали мулоқот ва низоларни бартараф этиш”, “Вақтни бошқариш” каби мавзуларда интерактив ўйинлар ташкил этилиб, иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда “Гендер концепциясини амалга оширишда аёллар етакчилиги” бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Лойиҳанинг вилоятидаги масъул вакили Д.Жамилова тренинг жараёнларини мувофиқлаштириб, иштирокчиларни самарали фаолиятга йўналтирди. Унинг раҳбарлигида қатнашчилар амалий машғулотларда иштирок этиб, мавзуларни муҳокама қилдилар.
Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати
