2026 ЙИЛДА СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ ХАЛҚАРО ТАДБИРЛАР
2026-04-14 / Воқеалар тақвими

2026 йил 20–25 апрель кунлари Иорданиянинг Амман шаҳрида сув ва тинчлик масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтади. Мазкур тадбир сув ресурсларининг минтақавий барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ўрнини муҳокама қилишга қаратилган.
2026 йил 22–24 апрель кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Минтақавий экологик саммит (RES2026) бўлиб ўтади. Ушбу саммит доирасида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳам ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унда минтақадаги экологик барқарорлик, сув ресурсларини бошқариш ва Оролбўйи ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинади.
2026 йил 23–25 апрель кунлари Хитойнинг Сиань шаҳрида халқаро сув кўргазмаси ташкил этилади. Унда сув хўжалиги соҳасидаги илғор технологиялар, ускуналар ва инновацион ечимлар тақдим этилади.
2026 йил 5–6 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида халқаро сув форуми бўлиб ўтади. Форум сув ресурсларини самарали бошқариш, иқлим ўзгариши шароитида мослашув ва соҳадаги глобал чақириқларга жавоб топиш масалалари юзасидан муҳим мулоқот майдони ҳисобланади.
2026 йил 25–28 май кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида “Барқарор ривожланиш учун сув, 2018–2028 йиллар” дастури доирасида халқаро конференция ўтказилади. Ушбу тадбир БМТнинг сув соҳасидаги халқаро кун тартибини илгари суриш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришга хизмат қилади.
2026 йил 9–11 июнь кунлари Хитойнинг Шанхай шаҳрида WATERTECH CHINA халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу тадбир сувни тозалаш, сув таъминоти ва инфратузилма соҳасидаги энг сўнгги технологияларни намойиш этиш билан аҳамиятлидир.
2026 йил 15–18 июнь кунлари Сингапурда Халқаро сув ҳафталиги ташкил этилади. Унда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор ва экспертлар сув ресурсларини бошқариш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қиладилар.
2026 йил 16–19 июнь кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида Халқаро бассейн ташкилотлари тармоғининг жаҳон саммити бўлиб ўтади. Мазкур тадбир трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш ва бассейнлар кесимида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.
2026 йил 20–25 июнь кунлари Япониянинг Осака шаҳрида Жаҳон сув саммити ва кўргазмаси ўтказилади. Унда сув сиёсати, барқарор бошқарув ва замонавий технологиялар бўйича халқаро фикр алмашинуви амалга оширилади.
2026 йил 21–24 июнь кунлари АҚШнинг Вашингтон шаҳрида AWWA ACE26 халқаро конференцияси ва кўргазмаси бўлиб ўтади. Тадбир сув таъминоти, сув тозалаш ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги илғор ёндашувларни ўрганишга хизмат қилади.
2026 йил 22–23 июнь кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида трансчегаравий сувлар бўйича халқаро келишувларни такомиллаштиришга бағишланган глобал семинар ташкил этилади. Унда давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий ва амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
2026 йил 24–26 июнь кунлари Норвегиянинг Осло шаҳрида сув ҳуқуқи бўйича жаҳон конгресси ўтказилади. Конгрессда сув ресурсларини бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, халқаро нормалар ва тартибга солиш масалалари кўриб чиқилади.
2026 йил 24–28 август кунлари Швециянинг Стокгольм шаҳрида Жаҳон сув ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу тадбир дунёдаги энг нуфузли сув форумларидан бири бўлиб, сув танқислиги, иқлим ўзгариши ва барқарор сув сиёсатига оид масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Айниқса, 2026 йил 29 сентябрь – 1 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон сув тежаш форуми алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу форум сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сувдан самарали фойдаланиш маданиятини ошириш ва глобал сув танқислиги шароитида амалий ечимларни илгари суришга қаратилган муҳим халқаро майдон бўлади.
2026 йил 4–8 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида Халқаро сув ассоциацияси (IWA)нинг жаҳон конгресси ва кўргазмаси ўтказилади. Мазкур тадбир сув соҳасидаги инновациялар, илмий ёндашувлар ва замонавий технологияларни тақдим этишга йўналтирилган.
2026 йил 12–14 ноябрь кунлари Бангладешнинг Дакка шаҳрида халқаро сув кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда сув таъминоти, сувни тозалаш ва соҳадаги техник ечимлар намойиш этилади.
2026 йил 2–4 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида БМТнинг Сув бўйича халқаро конференцияси ўтказилади. Ушбу нуфузли анжуман сув ресурсларини бошқариш, халқаро ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Мазкур халқаро тадбирлар сув хўжалиги соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илғор тажриба алмашиш ва соҳани янада ривожлантириш учун муҳим имконият яратади.
Ахборот хизмати
