Давлатлараро Сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг йиғилиши ўтказилди
2026-04-13 11:20:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Д.Ишанкулиев, Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг Энергетика ва сув сиёсатини юритиш бош бошқармаси бошлиғи Д.Абдуразоқзода, комиссия ижро этувчи органлари ҳисобланган “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, Илмий-ахборот маркази ва котибияти раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев 2025 йил вегетация ва новегетация мавсумларини муваффақиятли ўтказишда қўшган ҳиссаси учун Комиссия таркибига кирувчи барча ижрочи ташкилотларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётганини, мавжуд мураккаб чақириқларга қарамасдан, сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш масалалари ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ҳамда барча томонлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Давлатлараро Сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг минтақадаги муҳим мулоқот ва келишув платформаси сифатидаги ўрни юқори баҳоланди. Вегетациядан ташқари даврнинг мувофиқлаштирилган ҳолда ўтгани, сув омборлари иш режимига амал қилингани ҳамда барча томонларнинг масъулиятли ёндашуви натижасида барқарорлик таъминлангани қайд этилди.
Шу билан бирга, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, рақамли ечимлар ва автоматлаштиришни ривожлантиришга устувор вазифалар сифатида эътибор қаратилди.
Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи Давлат раҳбарларининг саммитларида келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисоботлар эшитилди ҳамда кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари раҳбарларининг Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида 2025-2026 йиллар новегетация даври учун сув олиш лимитлари ва сув омборларининг амалда иш режими якунлари бўйича ҳисоботлари эшитилди.
“Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзаларида 2026 йил вегетация мавсуми учун давлатларнинг сув олиш лимитлари тасдиқланди.
“Сирдарё” ва “Амударё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари томонидан тақдим этилган 2026 йил вегетация даври учун сув омборлари каскади ишлашининг прогноз режими маълумот учун қабул қилинди.
“Тоқтоғул” ва “Баҳри Точик” сув омборларининг ишлаш режими келишилгандан сўнг, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан 2026 йил вегетация даври учун “Чордара” сув омборига сув чиқариш масаласини қайта кўриб чиқишга келишиб олинди.
Давлатлараро Сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси аъзолари ва ижроия органлари томонидан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг саммитларида (2018 йил, Туркманбоши ва 2023 йил, Душанбе) илгари сурилган таклиф ва ташаббусларининг ижроси бўйича Илмий-ахборот маркази ҳисоботи эшитилди ҳамда амалга ошириш бўйича ишлар қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, Давлатлараро Сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси котибияти томонидан Душанбе шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган конференция доирасида “Марказий Осиёда трансчегаравий ҳамкорлик чегаралари: сув ресурсларини барқарор бошқариш инструментлари ва чоралари” мавзусидаги тадбирни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 94-йиғилишини Қозоғистон Республикасида ўтказишга келишилди.
Йиғилиш якунида тегишли баённома имзоланди.
Мазкур йиғилиш дўстона ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.
Ахборот хизмати







