9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
2026-04-03 / Воқеалар тақвими

Мустабид тузум томонидан ноҳақ қоралаб келинган бу улуғ зотнинг муборак номи ва хотираси мустақиллик йилларида тарихий адолат асосида қайта тикланди. Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келмоқда.
Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилгани, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Халқаро Амир Темур жамоат фондининг фаолияти йўлга қўйилгани, «Амир Темур» ордени таъсис қилингани, юртимиздаги кўплаб кўча ва хиёбонларга улуғ аждодимиз номи берилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги босқичи — Учинчи Ренессансга қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсияти, буюк аждодимизнинг башарият тарихи ва Турон тамаддунидаги ўрни ҳамда темурийларнинг бой ва бетакрор меросини чуқур ўрганиш, юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш мақсадида мамлакатимиз Президентининг 2026 йил 5 февралда “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ПҚ-46-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга биноан, ҳар йили апрель ойини «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилиш белгиланди.
Жорий йил 9-10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш кўзда тутилган.
Ахборот хизмати
