ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ КУЧАЙТИРИЛАДИ
2024-06-25 14:50:00 / Янгиликлар

2024 йил 24 июнь куни Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг қўшма йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш “Вазир ва ёшлар” учрашувига уланиб кетди.
Унда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, турли жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди. Видеоселектор шаклидаги йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқлари, ҳудудий ташкилотлар ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, хотин-қизлар, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раислари қатнашди.
Ушбу тадбир учун бежизга бундай йирик формат танланмади. Сабаби, ёшларимизнинг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, уларда ташаббускорлик ғояларини уйғотиш, Жамоатчилик кенгаши аъзоларидаги тажриба билан ёшлардаги шижоатни уйғунлаштириш учун бу жуда зарур.
- Бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон, жумладан, сув хўжалиги ходимлари онгида шаклланиб бораяпти. Биз ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлсак, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берсак, ўз фикр-мулоҳазаларимизни эмин-эркин баён этсак, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланади, - деди йиғилишни олиб борган Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги
“2021-2025 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармонида жамоатчилик кенгашларининг умумий аъзолари сони 15 нафардан кам бўлмаслиги ҳамда жамоатчилик кенгашлари таркибининг камида
50 фоизини ННТ вакиллари ташкил этиши белгилаб қўйилган.
Аммо, вазирлик томонидан жамоатчилик кенгаши тузиш жараёнида, 1 нафар (5,9%) ННТ вакили жалб этилган.
Шунингдек, мазкур Фармонда ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонини 2021 йилда 5 фоизга, 2025 йилда 25 фоизга етказиш белгиланган.
Лекин, вазирлик томонидан жамоатчилик кенгашида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд эмас.
Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирликнинг 2024 йил 14 июндаги 117-сонли буйруғи қабул қилинди. Буйруқ билан кенгашнинг янги тартиби тасдиқланди. Аъзолар сонининг 50 фоизи ННТ вакилларидан иборат бўлиши ҳақидаги талаб инобатга олинди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам жалб этилди.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгашининг иш режасини қайта кўриб чиқиб, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси билан боғлиқ тадбирларни режага киритиш ва амалга ошириш белгиланди.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши раиси Лутфулла Мухаммадназаров, “Сувчи” жамоат бирлашмаси ННТ раҳбари, Жамоатчилик кенгаши аъзоси Тоҳир Мажидов, “Истиқболли авлод” Республика ижтимоий-ахборот маркази ННТ Наманган бўлими директори, Жамоатчилик кенгаши аъзоси Раъно Нуриддинова сўзга чиқиб, кенгаш фаолиятини такомиллаштириш ҳақида фикр-мулоҳаларини билдирди.
Шу кунларда Тошкентда “Сув соҳасида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш” мавзусида уч кунлик ўқув курси ташкил этилган. Ундан кўзланган мақсад ҳар бир вилоят сув хўжалиги муассасаларидан мураббий аёлларни ўқитиб, уларнинг салоҳиятини ошириш ва имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Ўқув курси иштирокчилари ҳам мазкур тадбирда қатнашиб, Сув хўжалиги вазири ҳамда Жамоатчилик кенгашига ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Йиғилишда янги таркибдаги Жамоатчилик кенгаши хотин-қизлар, касаба уюшма раислари, турли жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшларни ўз атрофига бирлаштириб, амалий ишларни бошлашига ишонч билдирилди.
Ахборот хизмати


