СУВНИ АСРАСАК, КЕЛАЖАКНИ АСРАЙМИЗ
2026-03-04 10:50:00 / Янгиликлар

Инсонларнинг бепарволиги ва айримларнинг ножўя ҳаракатлари туфайли ариқлардаги сувнинг сифати ўзгариб, унга нон ботириб ейишни кўнгил тусамайдиган даражага келиб қолди. Бунинг устига, сув аниқ ҳисоб китоб ва режа асосида тақсимланаётгани туфайли ариқда доим оқиб турмайди.
Шундай бўлгандан кейин ундаги зилоллик ҳам йўқолади. Тоза сув фақат бизда эмас, дунёнинг кўп минтақаларида муаммога айланмоқда. Шу боис, 22 март – Бутунжаҳон сув ресурслари куни сифатида белгиланган.
Мақсад – сана муносабати билан ҳукуматлар ва жамоатчилик эътиборини сув масаласига қаратиш, оби ҳаётни асраш, тежаб ишлатиш, келажак авлодга тоза ҳолида етказиш қанчалик муҳимлигини англатишдир.
Бутунжаҳон сув ресурслари куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йилда эълон қилинган. Бош Ассамблея резолюциясида давлатларга ушбу санада сув ресурсларини асраш ва эъзозлашга бағишланган тадбирлар ўтказиш таклиф этилган. Бош ассамблея БМТ Бош котибиятидан ҳар йили аниқ мавзуларни белгилаб олишни сўраган.
Мисол учун, “1994 йил – Сув ресурслари ҳақида қайғуриш ҳар бир инсоннинг вазифаси”, “2004 йил – Сув ресурслари ва табиий офатлар”, “2010 йил – Жаҳон саломатлиги учун тоза сув”, “2020 йил – Сув ва иқлим ўзгариши” йили деб эълон қилинган. 2026 йил – сув одамлар учун, сув тараққиёт учун, сув сайёра учун, сув ҳамкорлик учун, сув кўп томонлама жараёнларда, сув ресурсларида инвистициялар мавзулари белгилаб олинган.
Тоза ичимлик суви билан таъминланиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Бироқ, дунёда 2,2 миллиард киши ҳалигача хавфсиз ичимлик суви таъминотига эга эмас. Бу албатта уларнинг турмуш даражасига таъсир қилади.
Сувни асраб-авайлаш нафақат шахсий саломатлик, балки жамият фаровонлиги, табиатни ҳимоя қилиш ва глобал барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
22 март арафасида #WorldWаterDаy ва #Бутунжаҳонсувресурсларикуни каби хештеглар остида ўтказиладиган кампания интернетда бир неча юз миллионлик аудиторияларни қамраб олади ва минг-минглаб одамларни муҳокама ва мунозараларга чорлайди. Шу орқали аҳолининг хабардорлиги ошади ва сувга оид билимлари бойийди.
Хулоса қилиб айтганда, сув — бу инсон ҳаёти ва сайёрамиз барқарор ривожи учун энг муҳим ресурсдир. Шу сабабли, сувни асраш, тежаш ва келажак авлодга тоза ҳолида етказиш ҳар бир инсоннинг бурчидир.
Моҳинур Нормахматова
ЎзЖОКУ 1-курс талабаси
