СУВ РЕСУРСЛАРИ: САМАРАДОРЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК СТРАТЕГИЯСИ
2026-02-12 12:20:00 / Янгиликлар

Сув ресурслари тақчиллиги ортиб бораётган ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш зарур бўлган шароитда сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар қандай давлат учун асосий вазифалардан бирига айланмоқда. Шу билан бирга, сувдан самарали фойдаланиш экотизимларни сақлаб қолишнинг ҳам ҳаётий зарур шарти ҳисобланади.
Ҳозирги шароитда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда имзоланган “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори” ПҚ-47-сон қарори билан сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантириш бўйича янги тартиблар жорий этилмоқда.
Қарорда 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Жумладан, 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш орқали сувни тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиш, буғланишга ва ер усти оқимида йўл қўйиладиган исрофгарчиликни камайтириш; 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш орқали суғоришда сувни самарали ва бир текис тақсимлаш имконияти яратилади. Ушбу чора-тадбирлар йилига 5 миллиард куб метр сув ресурсларини тежашни таъминлайди. Бу бошқа эҳтиёжларга йўналтирилиши, сув таъминоти манбаларига юкламани камайтириши ва қишлоқ хўжалигининг қурғоқчиликка чидамлилигини ошириши мумкин бўлган улкан ҳажмдир.
Белгиланган мақсадларга эришиш учун қарорда кредит маблағлари ва давлат субсидиялари каби сезиларли молиявий ёрдам назарда тутилган. 2026 йилда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм кредитлар ажратилиши режалаштирилган. Бу фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига суғориш тизимларини модернизация қилиш учун зарур маблағларни олиш имконини беради. 800 миллиард сўм давлат субсидиялари давлат томонидан қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши ушбу йўналишнинг давлат учун устуворлигини таъкидлайди. Солиқларнинг табақалаштирилган ставкалари назарда тутилмоқда, яъни 2027 йилдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ставкалар суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва солиққа тортишда табақалаштирилган ёндашувни самарали амалга ошириш учун сув таъминоти ҳолати тўғрисида аниқ ва долзарб маълумотлар жуда муҳимдир. Шу муносабат билан Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили сув билан барқарор таъминланган ва таъминланмаган ҳудудларда жойлашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар рўйхатини ишлаб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгашларига тасдиқлаш учун киритади. Ушбу рўйхат сув манбаларининг вегетация давридаги сувлилик даражасини чуқур таҳлил қилиш асосида шакллантирилади. Бундай ёндашув ҳар бир қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисининг сув билан таъминланганлик ҳолатини аниқлашда шаффофлик ва холисликни таъминлайди, бу эса ўз навбатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва солиққа тортиш чораларининг адолатли қўлланилишини кафолатлайди. Сувлиликни мунтазам таҳлил қилиш иқлим ўзгаришларига тезкор жавоб бериш ва сувдан фойдаланиш сиёсатини ўзгартириш имконини беради.
Сув истеъмоли мониторингини такомиллаштириш мақсадида 2027 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун сувни "ақлли" ўлчаш ва ҳисобга олиш воситаларини ўрнатиш бўйича мажбурий талаб белгиланмоқда. Ушбу чора шаффофликни таъминлаш, сув ресурсларини назорат қилиш ва самарали бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Сувни ўлчаш ва ҳисобга олишнинг барча "ақлли" воситалари Сув хўжалиги вазирлигининг "Сув ҳисоби" ахборот тизимига интеграция қилиниб, ягона марказлашган тизим яратилади.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар сувдан фойдаланишни рағбатлантириш ва тартибга солишга қаратилган бўлиб, иқтисодиётнинг сув, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларида, шу жумладан табиий экотизимларни сақлашда инновацион ёндашувларни кенг тарғиб қилувчи комплекс механизмни яратишга қаратилган.
Икрамова Малика Рахимбердиевна,
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш лабораторияси мудири, техника фанлари доктори, профессор
