ТУРКИЙ ШЕЪРИЯТ СУЛТОНИ
2026-02-09 10:00:00 / Янгиликлар

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида шундай ёзади: “Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас”.
Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарида ҳам шундай сатрларга дуч келамиз: “Ундан аввал ва ундан кейин ҳеч ким туркий тилда шеърни ундан кўпроқ ва ундан юксакроқ ёзолган эмас. У форсий шеьрни ҳам кўп ёзган”.
Тарихий манбалар, замонамиз олимларининг фикрига таяниб айтадиган бўлсак, Навоий бобомиз нафақат туркий адабиёт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, балки бутун Шарқ уйғониш даврининг энг йирик сиймоларидан бири сифатида жаҳон маданияти тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Навоий ижоди ва фаолияти орқали сўз санъати, тафаккур эркинлиги ҳамда инсон камолоти ғоялари янги босқичга кўтарилди.
Ишончли манбалардаги маълумотларга кўра, Алишер Навоий ёшлигида фиқҳ илмидан мукаммал таълим олган. Самарқандда эса аълам уламо Хўжа Фазлуллоҳ Абулайс хонақоҳи ҳужраларидан бирида истиқомат қилиб, фиқҳдан икки йил таҳсил кўради. Ҳиротда у ўша даврдаги устозларидан бири Мавлоно Фасиҳиддин Низомийдан фиқҳ ва фалсафадан дарс олади.
Демак, Навоий фиқҳ илмининг жамиятдаги ва инсон ҳаётидаги аҳамиятини тушунган. Шу боис “Фарҳод ва Ширин” достонида:
Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт
Камол ар касб этарсен, бемалол эт –
деб шаҳзода Шоҳғариб мирзога мурожаат этади. Улуғ шоир шаҳзодани ҳар нарсанинг моҳиятини билиш учун фиқҳ, ҳадис, тафсир – уч илмни қунт билан ўрганишга чақиради ва “бу уч илм сен бил” деб устозларча даъват қилади. Яна Шоҳғариб мирзога бу уч илмдан ташқари тиб, тарих, ҳикмат илмига майл қилишни, уларни ўрганишни маслаҳат беради. Навоий келажак авлодга – ёшларга ўз шеърларидан бирида “Камол эт касбким, олам уйидин”, дея самимий истак билдириб, комилликка интилган ёшларни ҳам уч илмни ўрганишга тарғиб қилади.
Навоий нафақат шоир, балки йирик жамоат ва давлат арбоби сифатида ҳам фаолият юритган. У илм-фан, маданият ва таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, мадраса, масжид, кутубхона ва карвонсаройлар бунёд этилишига ҳомийлик қилган. Унинг жамиятга хизмат қилиш, халқ манфаатини устун қўйиш ҳақидаги қарашлари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Алишер Навоий — сўз орқали миллатни уйғотган, тафаккур орқали жамиятни юксалтирган буюк зотдир. Унинг мероси ўзбек халқининг маънавий пойдевори, миллий ўзлигини англашда битмас-туганмас манбадир. Навоий сиймоси ва ижоди — адабиёт, маънавият ва инсонпарварликнинг абадий тимсоли сифатида ҳамиша яшайди.
Гулзода Хуррамова,
ИИВнинг 2-сон Тошкент академик лицейи тарих ўқитувчиси
