ҚАРОР ШАРҲИ
2026-02-07 10:10:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-47-сонли қарори билан бу борада янги тартиблар ва имтиёзлар жорий этилмоқда.
Қарорда 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Бунда:
220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш;
110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш;
600 минг гектар майдонни лазерли текислаш кўзда тутилган.
Натижада сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига ҳар йили
5 миллиард куб метр сув ресурсларини тежашга эришилади.
2026 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни кенгайтириш учун:
тижорат банклари томонидан 2,6 трлн сўм кредит маблағлари ажратилади;
давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 млрд сўм субсидия маблағлари йўналтирилади;
сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида мутахассис кадрлар малакасини тизимли ошириш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий қилинади. Унга кўра:
2027 йилдан бошлаб, ҳар йили сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади;
сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланади;
сув билан барқарор таъминланган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар оширилган миқдорда қўлланилади;
Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасини таҳлил қилган ҳолда сув билан барқарор таъминланган ҳамда таъминланмаган ҳудудда жойлашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритади.
Қарорга биноан, 2027 йилдан бошлаб шоли етиштириладиган майдонларнинг сувнинг кириш қисмига ҳамда балиқчилик хўжалиги ташкил қилинган ер майдонларининг сувнинг кириш ва чиқиш қисмига тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиши мажбурий этиб белгиланади. Бунда:
“ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари ўрнатилмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга оширилган миқдорда ҳисобланади;
“ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари Сув хўжалиги вазирлигининг “Сув ҳисоби” ахборот тизимига интеграция қилинади;
балиқчилик хўжаликлари фойдаланилишида бўлган балиқ етиштириш объектларига фақат Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли хулосаси бўлган тақдирда сув лимити ажратилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таъминотчи корхоналар ва ташаббускорларга сув тежовчи технологияларнинг насос ва фильтр қурилмаларини рақамли QR-кодли махсус ёрлиқланган белги остида ишлаб чиқариш ва сунъий йўлдош кузатув тизими (GPS трекер)ни ўрнатиш тизими жорий этилади.
QR-кодда акс эттирилиши лозим бўлган маълумотлар:
ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг номи;
маҳсулот ишлаб чиқарилган сана;
маҳсулот етказиб берилган субъектнинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами.
Қарорда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 июлга қадар сув тежовчи технологияларни ўрнатиш учун қўйиладиган минимал талаб ва меъёрларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси юклатилган.
2026 йил 1 октябрдан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари мажбурий тартибда тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилади.
Қарорда молиявий ресурслар ва имтиёзлар белгилаб берилган. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб сув тежовчи технологияларни банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Унга мувофиқ:
лойиҳа ташаббускори томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун қўйиладиган минимал талаб ва меъёрлар доирасида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади;
ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича таъминотчи корхона билан тузилган шартнома, ушбу технологиялар учун белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилинган субсидия маблағларининг 50 фоизини Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан олдиндан ажратишга асос бўлади;
сув тежовчи технологиялар лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилиб, фойдаланишга топширилганидан сўнг ҳисоб-китоб қилинган субсидия маблағларининг қолган 50 фоизи лойиҳа ташаббускорига тўлаб берилади;
субсидиянинг дастлабки 50 фоизи тўлаб берилганидан сўнг икки ой муддат ичида технологиялар ўрнатилиб ишга туширилмаганда, ажратилган субсидиялар белгиланган тартибда қайтарилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб:
бошоқли дон экинларини етиштиришда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонлар учун субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилади;
янги мевали боғ ва узумзорларни барпо этишга белгиланган тартибда кредитлар ажратилади ҳамда бундай лойиҳаларни амалга оширишга фақат сув тежовчи технологияларни тўлиқ жорий қилиш шарти билан рухсат берилади;
сув тежовчи технологияларни харид қилиш ва қуриш мақсадида тижорат банклари томонидан ҳар бир гектар ер майдонига 20 миллион сўмгача ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг Марказий банк асосий ставкасидан юқори, бироқ 10 фоизлик пунктидан ошмаган қисми Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан қоплаб берилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, ғўза майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун кредит маблағларини ҳар йил ноябрь ойидан бошлаб ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси cув тежовчи технологияларни қуриб берувчи пудрат ташкилотлари томонидан ҳар бир лойиҳага камида 2 йиллик кафолат муддати берилиши ҳамда 5 йил давомида сервис хизматлари кўрсатилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.
“Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган сув тежовчи технологиялардан ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб “Сувхўжаликназорат” инспекцияси томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларни боди-камералардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилади.
сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва Давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларини ишлатмасдан, анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади ва фойдаланилган ҳар минг куб метр сув учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий санкцияларни қўллашга асос бўлади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб соҳадаги олий таълим муассасаларини жалб қилиб, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳадаги мутахассислар малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўради.
Мухтасар айтганда, ушбу қарор республикамизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва бу борадаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ш.Суюнов
