МЕЛИОРАЦИЯ БИЛАН ТИЗИМЛИ ВА ДОИМИЙ РАВИШДА ШУҒУЛЛАНИШ ЗАРУР
2026-01-27 15:00:00 / Янгиликлар

Каналларни бетонлаштириш орқали эса сув йўқотишларини камайтиришга эришилаяпти.
Президентимиз Мурожаатномада сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилишини таъкидлади.
Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистрал каналлар бетон билан қопланади. Бунинг учун бюджетдан 3 триллион сўм сарфланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни тежаш имконини беради.
Бугун Сув хўжалиги вазирлиги ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг Мурожаатномасида сув йўналишида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги асосий масала вазирлик тизимида 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йилга белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва топшириқларнинг ижроси ҳақида бўлди.
Йиғилишни Сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Ш.Хамраев олиб борди. Унда вазир ўринбосарлари, ҳайъат аъзолари, марказий аппарат бошқарма ва бўлим бошлиқлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Ҳудудларда сафарда бўлган мутахассислар ва жойлардаги сув хўжалиги ташкилотлари бошлиқлари онлайн қатнашди.
Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 2025 йилда жами 10 млрд. м3 тежадди.
Вазир ҳайъат йиғилишида каналларни бетонлаштириш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ишлари билан бирга мелиорация билан тизимли ва доимий равишда шуғулланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиб, ходимларнинг даромадини ошириш саъй-ҳаракатлари тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олишга, шу билан бирга соҳанинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари устувор йўналишлар сифатида муҳокама қилинди.
Чет эл инвестицияларини жалб этиш, кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.
Сув хўжалиги вазири ва вазир ўринбосарлари томонидан 2025 йил учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ижросини таъминлаш ишлари таҳлилдан ўтказилди.
Вазир ўринбосарлари, ҳайъат аъзолари, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари сўзга чиқиб, муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикрларини билдирди.
Ахборот хизмати





