ПАРЛАМЕНТДА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ АХБОРОТИ ТИНГЛАНДИ
2025-12-12 11:55:00 / Янгиликлар

Минтақамизда сув тақчиллиги йилдан-йилга ортиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг сувга бўлган эҳтиёжи изчил ўсиб бораётган ҳозирги шароитда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланиб бормоқда.
2025 йил ёзги суғориш мавсумида дарёларда сув оқими меъёрга нисбатан 93 фоиздан 65 фоизгача кам бўлди.
Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун республика бўйича жами 40,2 млрд. куб метр сув етказиб берилди.
Бундан ташқари, 500 минг гаектарда шўр ювиш ва нам сув бериш ишлари амалга оширилди, шундан 922 минг гектар майдондаги такрорий экинлар учун сув берилди.
Йил бошида сув омборларида сув захираси етарли даражада яратилганлиги, каналларни бетонлаштириш ва сув тежовчи технологиялар қамровини кенгайтириш ҳисобига суғориш мавсумида қийинчиликлар нисбатан кам бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мавжуд сув захираларидан тежамкорлик асосида фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбаримиз жорий йил 15 августдаги ПҚ-250-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури”ни тасдиқлади.
Дастур Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар, мақсадли кўрсаткичлар ҳамда параметрларга эришишга қаратилган.
Ахборотда келтирилганидек, соҳани модернизация қилиш учун 2020–2024 йиллар давомида 60 трлн. сўм бюджет маблағлари ҳамда 622 млн. доллар хорижий инвестициялар йўналтирилди.
Хусусан, 2025 йилда ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига 1 трлн. 356 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Шундан, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига 1 трлн. 203 млрд. сўм ўзлаштирилиб, 553,6 км канал, 24,8 км лоток тармоқлари, 40,4 м3/сек. сув чиқариш қувватига эга бўлган насос станциялар, 46,7 км босимли қувурлар, 45 та суғориш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, мелиорация объектларида 95,3 млрд. сўм ҳисобига 295,5 км коллектор-дренаж тармоқлари реконструкция қилинди.
11 ой давомида 4 944 км каналларни тозалаш, 5 264 дона гидротехника иншооти ва 5 091 дона гидропостларни таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Вазирлик тизимидаги насос станцияларида 157 та насос ҳамда 166 та электродвигател янгисига алмаштирилди. 165 та конденсатор, 135 та частота ўзгартирувчи қурилма, 752 кВт қуёш панеллари ҳамда 27 та қуёш сув иситкичлари ўрнатилди.
Жорий йилда насос станциялар ва тик қудуқларни ишлатиш учун 6,8 млрд. кВт/соат электр энергия лимити ажратилган бўлиб, 1 декабрь ҳолатига 6 млрд. кВт/соат электр энергия сарфланди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 197 млн. кВт/соат электр энергияси тежалди.
Таққослайдиган бўлсак, насос станциялари 2018 йилда 8,3 млрд. кВт/соат электр энергияси сарфлаган, 2025 йил якуни бўйича 6,5 млрд. кВт/соат бўлиши кутилмоқда. Яъни, 7 йил ичида электр энергияси истеъмолини 1,8 млрд. кВт/соат камайтиришга эришилди.
Сув хўжалиги соҳасида самарадорлик ва натижадорликка эришишнинг бирдан-бир йўли – рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик ва аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади.
Охирги тўрт йилда 13 254 та сув олиш нуқталарида “Ақлли сув”, 10 983 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER” қурилмаси, 1 749 та насос станцияларда сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди. 100 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқаруви автоматлаштирилди.
Жорий йилнинг ўзида 16 та (режага нисбатан 125%) йирик сув хўжалиги объектлари рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилди.
Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Вазиятлар маркази” ташкил этилди. Соҳада мавжуд 10 та ахборот тизимлари такомиллаштирилиб, маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишга туширилди.
Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 13 октябрдаги ПФ-183-сонли Фармони асосида вазирлик ҳузурида “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” давлат муассасаси ташкил этилди.
Сув хўжалигида бюджет юкламаларини камайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига алоҳида урғу берилаяпти.
2020–2025 йилларда умумий қиймати 5,2 трлн. сўмлик жами 478 та ДХШ лойиҳалари бўйича битимлар тузилиб, хусусий шериклар томонидан 176 млрд. сўмлик инвестициялар киритилди.
Жумладан, жорий йилда 34 та насос станция ва 9 та қудуқ бўйича 5 та лойиҳа битимлари имзоланиб, реестрга киритилди.
Шу билан бирга, ягона сув истеъмолчига хизмат кўрсатадиган суғориш қудуқларини ДХШ шартлари асосида бошқарувга бериш юзасидан 1458 та лойиҳалар (2073 та суғориш қудуқлари) бўйича битимлар имзоланган.
Ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади. 2025 йилда режа бўйича 500 нафар олий маълумотли мутахассис кадрларни ишга қабул қилиш белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида тизим ташкилотлари томонидан 625 та олий маълумотли мутахассислар ишга қабул қилинди.
2025 йилда 41 та илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари ишлари амалга оширилди.
Сув ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабларига мослаб борилаётганлиги ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилган фермер ва деҳқонлар самарасини кўраётганлиги натижасида жами 2,6 млн. гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди, суғориладиган майдонларга нисбатан улуши 60 фоизга етказилди.
Жумладан, 664 минг гектарда томчилатиб, 121 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет ва 123 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 1,6 млн гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
2025 йилнинг ўзида жами 817,2 минг гектар (режага нисбатан 168%) майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 103,2 минг гектарда томчилатиб суғориш, 30,7 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 13,7 минг гектарда дискрет суғориш технологияси жорий қилинди ҳамда 74 минг гектар майдон эгилувчан қувурлар орқали ва 49 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилди ва 546 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди.
Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан 2025 йилда 2,3 млрд. куб метр тежалишига эришилди.
Таҳлилларга асосан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш сув ресурсларини 45–50 фоизга, ёнилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25–35 фоизга ва бошқа механизация хизматлари харажатларини иқтисод қилиш билан бирга ҳосилдорликни 15–20 фоизгача оширмоқда.
Мисол учун, Косон туманидаги “Косон” ва “Асл Нажим”, Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Фориш йуллари” фермер хўжаликлари томонидан пахтани томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига гектарига ўртача 80-85 центнер ҳосил олган (аввал ушбу майдонлардан 25–30 центнер ҳосил олинган).
Мирзаобод туманидаги “Сирдарё Жинго” МЧЖ 1 000 гектар пахта майдонларида 2025 йилда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига 3,25 млн. метр куб сувни тежаш билан бирга ёнилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25-35 фоизга иқтисод қилишга эришиб, гектарига ўртача 55-60 центнер ҳосил олган.
Жорий йилда 28,1 минг гектар пахта майдонларида жорий қилинган томчилатиб ва дискрет суғориш технологиялари учун жами 289,4 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди.
Республикамизда 4,3 млн. гектар суғориладиган ер майдонларига сув етказиб бериш учун жами 173,5 минг км каналлар ва суғориш тармоқлари хизмат қилади.
Шундан, 28,7 минг км магистраль ва хўжаликлараро, 48,6 минг км туманлар “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ҳисобидаги каналлар ҳамда 96,1 минг км кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқлари ҳиссасига тўғри келади.
2020–2025 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2,8 трлн. сўм ажратилиб, 3,1 минг км каналлар ва суғориш тармоқлари реконструкция қилинди, шундан, 1870 км каналлар бетонлаштирилди ҳамда 516 км лоток ва ёпиқ қувурли суғориш тармоқлари янгиланди.
Бундан ташқари, сўнгги 5 йилда хорижий инвестициялар ҳисобидан 10 та лойиҳа доирасида жами 708 млн. доллар маблағлар йўналтирилиб, 1,2 минг км каналлар ва улардаги 2,5 мингта гидротехника иншооти реконструкция қилинди, 26 та насос станцияси тўлиқ модернизация қилинди.
Амалга оширилган ишлар натижасида йилига ўртача 1 млрд. куб метр сув йўқотилиши олди олинишига эришилди.
2025 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 824 млрд. сўм ажратилиб, 77 та лойиҳа доирасида 574 км (шундан, 533 км қисми бетонлаштирилди) каналлар, 21 км лоток, 49,3 км ёпиқ суғориш тармоқларини қуриш ва реконструкция қилинди.
Хорижий инвестициялар ҳисобидан 70 км, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ҳисобидан 5 минг км каналлар ва кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 20 минг км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 364 минг гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, 13 минг гектар ерлар қайта фойдаланишга киритилди, сувнинг ерга шимилиб кетиши (фильтрация бўлиши) кескин камайиб, экин майдонларига етказиб бериш муддати 2–3 баробарга қисқаришига эришилди.
Бундан ташқари, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш лойиҳалари учун бюджетдан 1,2 трлн. сўм маблағ ажратилди.
Ушбу дастурга кўра, 886 та лойиҳа доирасида 1850,9 км каналлар, 202,1 км лоток тармоқлари, 844 та суғориш қудуғи, 438 та насос агрегати, 2,9 км коллектор тармоғи, 2 та мелиоратив тик қудуқ, 14 та гидротехника иншооти ҳамда 385,2 км босимли қувурларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 494,3 мингта хонадонда истиқомат қиладиган 2 миллион 651 минг нафар аҳолининг 88 минг гектар томорқасида сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги 665-сонли қарори билан “Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан қурилиш ва реконструкция ишлари суғориш мавсуми бўлмаган даврда бажариладиган ирригация тизими объектларини молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
2026 йилда каналларни ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхатга киритилиши режалаштирилган 70 та объектда қурилиш ишларини жорий йилда бошлаш учун 120,9 млрд. сўм маблағ ажратиб берилди.
Ҳозирда 164 км узунликдаги каналларда ер ишлари ва 76 км узунликда бетонлаш ишлари бажарилган, шунингдек, 2,2 км узунликда лоток тармоқлари реконструкция қилиниб, қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ушбу объектларда қурилиш ишлари вегетация мавсумига қадар тўлиқ якунлаш ҳамда 550 км каналларни бетонлаштириш чоралари кўрилади.
2025 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси тасдиқланди.
Қонун билан республикада сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилди, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда Ҳукуматнинг 26 та қарорларидаги нормалар бирлаштирилди.
Келгуси йилда Вазирлик олдида турган вазифалар ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар:
503 минг гектар суғориладиган майдонларда, шундан 75,4 минг гектарда томчилатиб, 34,6 минг гектарда ёмғирлатиб ва 28,9 минг гектара майдонда дискрет, шунингдек, 164,1 минг гектар майдонда бошқа суғориш технологиялари жорий қилинади.
Бундан ташқари, 200 минг га қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.
Бюджетдан ажратиладиган 1,6 трлн сўм (1,4 трлн. сўм ирригация, 170 млрд. сўм мелиорация) маблағлар ҳисобига ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга ошириш режалаштирилган.
Бунда, 642 км каналлар, 35,2 км лоток тармоқлари, 51,3 км ёпиқ суғориш тармоқлари, 22 та гидротехник иншоот, 24 та суғориш қудуғи, 17,3 м3/сек сув чиқариш қувватига эга бўлган насос станциялар, 31,8 км босимли қувурлар, 247,8 км очиқ ва 78,7 км ёпиқ-ётиқ коллектор дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, 5 343 км узунликдаги канал тозаланади, 5 437 дона гидротехника иншооти ҳамда 5 272 дона гидропост таъмирланади ва тикланади.
Натижада каналларнинг фойдали иш коэффициенти 0,67 дан 0,68 гача оширилади, 332,8 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти, 54,2 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 249 млн. м3 сув йўқотишларнинг олди олинишига эришилади.
Хорижий инвестициялар ҳисобидан 190,5 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилади.
500 км канал ва 30 та гидротехник иншоот реконстуркция қилинади, 30 та насос станцияларининг агрегатлари модернизация қилинади.
Натижада 101,4 минг гектардан ортиқ майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
Насос станциялардаги эскирган 156 та насос ва 149 та электродвигателлар замонавий энергия тежамкорларига алмаштирилади, 67 та конденсатор, 84 та частота ўзгарувчи қурилмалари, 60 та қуёш панеллари ва 26 та қуёш сув иситкичлари ўрнатилади.
Ушбу тадбирлар натижасида насос станцияларнинг йиллик электр энергия истеъмоли 6,4 млрд. кВт/соатгача камайтирилади.
Республика чегарасида олинаётган сув миқдорини реал вақт режимида кузатиш имкониятини яратувчи камида 300 та рақамли сув ўлчаш қурилмалари ўрнатилади.
Туманлар чегарасида олинаётган сув миқдорини реал вақт режимида кузатиш имкониятини яратувчи камида 1 895 та рақамли сув ўлчаш қурилмалари ўрнатилади.
2 952 та мелиоратив кузатув қудуғи автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказилади.
604 та насос агрегатининг сув сарфи ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш амалиёти кенгайтирилади.
Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларнинг 50 фоиз насос станциялари хусусий шерикликка берилади.
Бу борада Наманган вилоятининг Чортоқ туманида “бир насос – бир тизим” тамойили асосида “Чортоқ тажрибаси” амалга оширилади. Бунда хусусий шерик истеъмолчиларни сув лимити доирасида сув билан таъминлайди, насосларга боғланган майдонлардан ҳисобланган сув солиғининг 40 фоизи хусусий шерикка тўлаб берилади.
Ушбу маблағлар ҳисобига сув ҳисобини автоматлаштириш ва насос станцияларини босқичма-босқич модернизация қилиш йўлга қўйилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан тизимда олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилишни янада кенгайтириш, сув хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган бюджет маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш ҳамда асосий мақсадли кўрсаткич ва индикаторларга эришиш чораларини кўриш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Сув хўжалиги вазирининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди ва кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Ахборот хизмати


