ИККИ ХАЛҚНИ БИРЛАШТИРГАН КАНАЛ
2024-04-27 10:40:00 / Янгиликлар

Каналнинг салкам 20 км масофадаги қисми Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятидан оқиб ўтади. Хўш, каналнинг бу қисмида аҳвол қандай, қўшниларимиз сувдан қандай фойдаланишмоқда? Тошкент вилояти “Бўзсув” ирригация тизими бошқармаси Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти сув хўжалиги бошқармаси билан ҳамкорликда ирригация тармоғининг ушбу қисмидаги “ЭСТКА” канали ҳолати билан танишиб чиқди. Унда Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков, “Бўзсув” ИТБ бошлиғи Рустам Фозилжонов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Жавоҳир Мамаджонов ҳамда Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Садирбек Жакашбоев ва бир гуруҳ мутахассислар иштирок этди.
Улар томонидан республикалараро каналдан фойдаланиш, гидротехник иншоотларнинг яроқлиги, тизимнинг техник параметри ҳамда ноқонуний қурилмалар ўрганиб чиқилди.
- Канал фаолияти ўзаро ҳамкорликка таянади, - дейди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошлиғи биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков. -Икки кунлик ташриф давомида канал сувидан самарали фойдаланиш, суғориш мавсумида сувни тўғри тақсимлаш бўйича музокаралар олиб борилди. Канални ўрганиш давомида 30 дан ортиқ ноқонуний насос ҳамда 10 га яқин қулоқлар (сув тақсимлаш) аниқланди.
Ташриф давомида вилоят сув хўжалиги ташкилот раҳбарлари, сув истеъмолчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар “ЭСТКА” канали сувидан унумли фойдаланиш зарурлиги, бу икки халқни бирлаштириб келган канал эканлигини таъкидлашди. Гидротехник иншоотларни таъмирлаш, ноқонуний қурилмаларга чек қўйиш бўйича фикр алмашилди. Йиғилишда “ЭСТКА” каналидан фойдаланишда ўзаро ҳамкорликни янада ошириш ва сувдан тежаб фойдаланишга келишиб олинди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати