ТОЖИКИСТОН ДАВЛАТИГА ЎТАЁТГАН СУВ РЕСУРСЛАРИНИ ҲАМКОРЛИКДА ЎЛЧАШ ИШЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛДИ
2024-04-25 12:40:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Шоимзода Джамшед Шоди бошчилигида икки давлат сув хўжалиги мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон-Тожикистон чегара қисмида жойлашган сув ўлчаш постида замонавий қурилмалар ёрдамида Тожикистон давлатига ўтаётган сув ресурсларини ҳамкорликда ўлчаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, каналнинг Тожикистон давлатида жойлашган “Патар” сув ўлчаш постига ташриф буюрилиб, бу ерда “Rubicon Water” технологияси асосида жорий этилган замонавий сув ўлчаш затворларининг ишчи ҳолати ўрганилди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон-Тожикистон ўртасида сув масалалари бўйича икки мамлакат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир конструктив ва дўстона руҳда бўлди, томонлар келгусида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
Ахборот хизмати


