ЎЗБЕКИСТОН–ТУРКМАНИСТОН: ДЎСТЛИК РИШТАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА
2025-11-17 15:15:00 / Янгиликлар

Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. Давлатларимиз савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм каби соҳалар билан бирга сув хўжалиги йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Бугунги кунда Амударёдан Сурхондарё вилоятида Аму-Занг, Қашқадарё вилоятида Қарши магистрал канали насос станциялари каскади, Бухоро вилоятида Аму-Бухоро машина канали насос станцияси орқали сув олинади. Ўз навбатида, Қарши магистрал канали орқали Туркманистон ҳудудига сув етказиб берилади. Қарши магистрал канали насос станциялари каскадининг 6 та насос станцияси Туркманистон ҳудудида жойлашган бўлиб, ўзбекистонлик сувчилар қўшни давлат ҳудудига ўтиб, уларни ишлатади.
Туркманистон Амударёдан ўз ҳудудидаги Қорақум ва бошқа каналлар ҳамда кичик насос станциялари орқали сув олади.
Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Туркманистоннинг Тошовуз вилояти ҳудудларини сув билан таъминловчи Туямўйин сув омбори икки мамлакат чегара ҳудудларида жойлашган. Ундан чиқариладиган сув “Туркмандарё” ҳамда “Чапқирғоқ” магистрал каналлари, шунингдек, Туямўйин гидроузелининг пастки қисми, Амударёнинг чап томонидан “Хонёп”, “Жумабой соқа”, “Қиличниязбой” ва “Қипчоқ-Бўзсув” каналлари орқали Тошовуз вилояти ҳудудларига етказиб берилади.
2021 йил 26 май куни Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Туркманистон ҳукумати ўртасида Сув масалалари бўйича Ўзбекистон–Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси тўғрисида ҳамда “Туямўйин” гидроузели “Султонсанжар” тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш лойиҳаси юзасидан битимлар имзоланган.
Бугунги кунгача Сув хўжалиги масалалари бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 4 та йиғилиши бўлиб ўтган, 2025 йилда навбатдаги қўшма комиссияни Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
“Туямўйин” гидроузели “Султонсанжар” тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш лойиҳасини амалга ошириш натижасида, қўшимча 1 млрд куб метр сув тўплашга, шунингдек 1,2 млн гектар ер майдонларининг сув таъминотини яхшилашга ҳамда кафолатли ичимлик суви захирасини оширишга эришилади.
Шу билан бирга, сел-тошқин сувлари хавфи пасайтирилиб, қўшимча сув йиғиш имконияти янада ортади.
Ундан ташқари, икки томонлама Ҳукуматлараро қўшма комиссия доирасида Туркманистонда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги объектларини хатловдан ўтказиш ҳамда 2019 йил COVID-19 сабабли ўз фаолиятини тўхтатган назорат ўтказиш пунктлари фаолиятини сув хўжалиги объектларида хизмат қилувчи ишчи-ходимлар учун қайта тиклаш масалалари ҳам ижобий ҳал этиб келинмоқда.
Ўзбекистон ‑ Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси доирасида 2021 йил 5 октабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси ўртасида сувни тежайдиган технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Бундан ташқари, Қарши магистрал каналидан сув олиш нуқталарини хатловдан ўтказиш ҳамда Туркманистон Давлат сув хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш институти, “Туркменсувилимтаслама” лойиҳа институти ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларида келишувларга эришилган.
Икки томонлама ҳамкорлик доирасида 2025 йилда Туркманистон ҳудудидаги “Озёрний” ҳамда “Дарёлик” магистрал коллекторларини реконструкция қилиш (2-босқич) лойиҳалари амалга оширилди. Иккала мамлакат суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда самара бергани учун мазкур лойиҳани 2026 йилда ҳам давом эттириш режалаштирилган.
Туркманистон сув хўжалиги соҳаси билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги кунда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий-тадқиқот университетида 2000 нафарга яқин туркман талабалари таҳсил олиб келмоқда.
Ундан ташқари Қарши магистрал каналларидан фойдаланиш бошқармаси, Аму-Бухоро машина каналларидан фойдаланиш бошқармалари тасарруфида Туркманистоннинг 700 нафарга яқин фуқаролари ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда фаолият олиб бормоқда.
Сув мамлакатларнинг ривожланишини, халқларнинг фаровонлигини белгиловчи муҳим неъмат. Ўзбекистон ва Туркманистон трансчегаравий дарё сувларидан биргаликда фойдаланиб, ҳамкорликда тараққиётнинг юксак чўққилари сари интилмоқда.
Рустам Қаршиев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирининг ўринбосари
