«Халқ дипломатияси ва диний бағрикенглик миллатлараро мулоқотнинг самарали воситаси: Янги Ўзбекистон тажрибаси»
2024-08-22 10:25:00 / Янгиликлар

Мазкур анжуман Хитой ва Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва БМТ Бош ассамблеяси жорий йилнинг 7 июнь куни бир овоздан маъқуллаган «Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни» резолюцияси ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари, юртимизда фаолият юритаётган турли конфессия ва миллий маданий марказлар вакиллари, диншунос олимлар ва ёшлар қатнашди.
Мазкур анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов иштирок этди.
«Сўнгги йилларда, Ўзбекистонда диний эркинлик, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ижобий қадамлар, ўз навбатида, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшларни бағрикенглик руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, Ватанга садоқат, бошқа дин ва миллат вакилларига нисбатан ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият янги босқичга кўтарилди» - деди Д.Махсудов.
Конференцияда иштирок этган мутахассислар халқаро майдонда давлатларнинг бир-бирига ўзаро ишончи сусайиб бораётган мураккаб шароитда мамлакатимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашни алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Конференция якунида иштирокчилар томонидан динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва динлараро тотувликни сақлаш учун маданият ва цивилизациялар мулоқотини кенгайтириш учун халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланиш борасида билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, керакли тавсия ва хулосалар ишлаб чиқилди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати




